Апельсин – гесперид резавор мева, яъни тери билан қопланган резавор мевалардан бири ҳисобланади. Халқимиз тилида бу мева қадимда портахол номи билан ҳам аталган. Апельсинлар овқат ҳазм қилиш ва ичакларнинг тўғри ишлаши учун жуда фойдали маҳсулот. Дунё бўйича етиштириладиган жами апельсиннинг деярли 20 фоизи мева ҳолида сотилади. Қолган қисми эса шарбат ва консервантлар ишлаб чиқариш учун фойдаланилади.
Мамлакатимизда ушбу маҳсулотнинг импорти йилдан-йилга ошмоқда. Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистонга 10 та хорижий мамлакатлардан қиймати 7,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 17,4 минг тонна апельсин импорт қилинган. Ушбу вақт мобайнида Ўзбекистонга энг кўп апельсин импорт қилган давлатлар қуйидагилар: Эрон – 11,6 минг тонна, Миср – 2,6 минг тонна, Хитой – 2,1 минг тонна, Туркия – 453 тонна, Жанубий Африка Республикаси – 340 тонна, Қозоғистон – 187 тонна ва бошқа давлатлардан 149 тонна.
Апельсин нафақат мазали, балки хушбўй ҳидга эга маҳсулот ҳисобланади. Дунёда шоколад ва ванилдан кейин апельсин ҳиди энг ёқимли ҳид дея тан олинган. Ушбу маҳсулотнинг мамлакатимизга катта миқдорда экспорт қилиниши бозор талаби ва меванинг фойдали жиҳатлари билан боғлиқ. Ҳар бир давлатдан импорт қилинган апельсин мевасининг ўз истеъмолчилари мавжуд бўлиб, ушбу маҳсулот мамлакатимизда шу қадар машҳур-ки, буни деярли ҳар бир озиқ-овқат дўконидан топиш мумкин.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА