БМТ Хавфсизлик кенгашининг барча 15 аъзосидан фақат АҚШ Ғазо секторидаги очарчилик бўйича матбуот баёнотини қўллаб-қувватламади, деб ёзмоқда “РИА Новости”.
“Яқин Шарқда очарчилик биринчи марта расман тасдиқланмоқда. Ҳар куни одамлар тўйиб овқатланмай нобуд бўлмоқда, уларнинг аксарияти болалар. Бу техноген инқироз. Очликдан уруш воситаси сифатида фойдаланишни халқаро гуманитар қонунлар қатъий тақиқлайди”, деди Гаянанинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Тришала.
Шунингдек, у Ғазодаги очарчиликни “зудлик билан тўхтатиш” кераклигини таъкидлади.
Словениянинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Ундина Блокар Дробичнинг қўшимча қилишича, баёнотга қўшилган Хавфсизлик Кенгаши аъзолари Исроилни гуманитар ёрдам етказилишидаги чекловларни бекор қилиш ва Ғазо шаҳрини эгаллаш амалиётини тўхтатишга чақирмоқда.
“Барча қуруқлик йўлларини очиш, БМТ ва гуманитар шерикларга хавфсиз, тўлиқ фаолият кўрсатишга имкон бериш лозим”, деди у.
ХКнинг АҚШдан ташқари барча аъзолари Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилишга чақирди.
С.Раҳимов, ЎзА