Ватанимиз тарихидаги 28 август санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
865 йил (бундан 1160 йил олдин) – Хуросон ва Марказий Осиё фани ва маданияти анъаналарини Бағдодда давом эттирган йирик қомусий олим Абу Бакр Розий таваллуд топди. “Ислом энциклопедияси”да таъкидланишича, Розий табобат соҳасида катта обрўга эга алломалардан бири бўлган. Ибн Надим Розийнинг 113 та китоби ва 28 та рисоласини, Ибн Абу Усайбиъа эса 232 та асарининг номини келтиради. Мутахассисларнинг ҳисобларига кўра, олимнинг манбаларда эслатилган асарларининг умумий сони 270 дан ортади. Олим табобат ва кимёдан ташқари доришунослик, фалсафа, мантиқ, риёзиёт, фалакиёт, илоҳиёт ва бошқа фанларга оид турфа рисолаларнинг ҳам муаллифи ҳисобланади.
Розийнинг риёзиёт, фалсафа ва бошқа фанларни чуқур билган бухоролик Муҳаммад ибн Юнус исмли севимли шогирди бўлган. Бундан ташкари, унинг Бухорога келган кезларида Сомонийлар ҳукмдорини фалаждан тузатгани ҳақида маълумотлар бор. Бу эса унинг Рай ва Бағдод шаҳарларида фаолият кўрсатганига қарамасдан, Марказий Осиё, хусусан, Бухоро донишмандлари билан узвий алоқада бўлганидан далолат беради. Баъзи маълумотларга кўра, Абу Бакр Розий турли фан соҳаларига оид икки юздан ортиқ илмий кашфиётлар муаллифи бўлиб, улардан ярмига яқини табобат, йигирма биттаси алкимё, қолганлари эса фалсафа, физика, фалакиёт, оптика, риёзиёт ва бошқа фанларга оид эканлиги таъкидланади.
1404 йил (бундан 621 йил олдин) – Испаниядан Самарқандга – Амир Темур саройига отланган элчилар гуруҳи Соҳибқирон таваллуд топган ер – Кешга (ҳозирги Шаҳрисабзга) етиб келдилар. XV аср бошларидаги Кеш ҳақида шу элчилик таркибида бўлган Руи Гонсалес де Клавихонинг “Кундаликлар”ида қуйидагиларни ўқиймиз: “Эртаси куни, 1404 йилнинг 28 август пайшанба куни, тушлик пайтида Кеш деб аталмиш катта бир шаҳар олдига келиб тўхтадик. Шаҳар ҳар бир тарафини сой ва ариқлар кесиб ўтган текислик ерда жойлашган экан. Шаҳарнинг тевараги обод қишлоқлар ва боғлар билан ўралган эди. Унинг теварак-атрофи ҳам текис бўлиб, кўпгина обод қишлоқлар, наҳрлар, ўтлоқлар бор. Ёзда бу ер жуда чиройли. Суғориладиган ерларида буғдой, узум, пахта, қовун-тарвуз етиштирилади, катта мевали дарахтлар ўсади. Шаҳар пахса девор ва чуқур хандақ билан ўралган, дарвозалари қаршисида осма кўприклар ўрнатилган. Темурбекнинг асли Кешдан. Отаси ҳам шу ерда туғилган. Катга иморатлар ва масжидлар кўп.
Иморатлардан бири, Темурбек ҳали қуриб битирмаган жуда катта сарой, унинг ичида катта бир мақбара жойлашган. Унга Темурбекнинг отаси дафн этилган. Яна битта мақбара ҳам бўлиб, уни Темурбек ўзи учун қурдирган. Лекин, у ҳали битказилмаган. Айтишларича, у бундан бир ой олдин Кешда бўлганида уни кўриб ёқтирмаган, чунки эшиклари паст қилиб қурилган экан. Темурбек уни қайтадан қуришни буюрган. Ҳозир қурилишда усталар ишлаб турибди. Бундан ташқари, мазкур мақбара ичида ҳозир унинг Жаҳонгир исмли тўнғич ўғли ётибди. Масжид билан мақбаранинг девор ва шиплари олтин, ложувард ва кошинлар билан қопланган, саҳни катта ва унга дарахтлар экилиб, ҳовузлар қурилган. У ерга Темурбекнинг амри билан ҳар куни, отаси ва ўғлининг руҳини йўқлаб йигирмата пиширилган қўй гўшти юборилиб турилади. Элчиларни ушбу масжидга олиб бордилар ва уларнинг олдига дастурхон ёзиб, кўп гўшт ва мевалар тортиб зиёфат қиладилар”.
1876 йил (бундан 149 йил олдин) – шарқшуносларнинг Пегербургда ўтказилган учинчи халқаро конгрессида немис шарқшуноси, тилшунос олим Карл Эдуард Захау улуғ мутафаккир олим, ўрта асрларнинг буюк даҳоларидан бири Абу Райхон Беруний хақида йиғилганларга тўлиқ маьлумот берди ҳамда алломанинг яқиндагина нашрдан чиққан “Хронология” асарининг арабча матнини барчанинг эътиборига ҳавола этди.
1909 йил (бундан 116 йил олдин) – энергетик олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган энергетик Ҳосил Фозилов таваллуд топди (вафоти 2003 йил). У – электр тизимлари режимларини таҳлил қилиш назариясининг асосчиларидан бири. Унинг раҳбарлигида республиканинг электр энергетика ресурсларини ўзлаштириш лойиҳалари илмий жиҳатдан асослаб берилди, электр тизимларини ҳисоблаш алгоритми яратилди.
1923 йил (бундан 102 йил олдин) – Туркистон Халқ хўжалиги марказий кенгаши қарори билан Ўрта Осиёда ипакчиликни ривожлантириш ва ҳолатини яхшилаш, ипак хомашёсини тайёрлаш, қайта ишлаш, ташқи ҳамда ички бозорда сотиш учун “Туркипак” трести акциядорлик жамиятига айлантирилди.
1931 йил (бундан 94 йил олдин) – ранг-тасвир устаси, Ўзбекистон Бадиий академияси фахрий академиги, Ўзбекистон халқ рассоми Рўзи Чориев таваллуд топди (вафоти 2004 йил). У ўз асарларида ўлка манзаралари, ўтмиши ва бугунги куни, кишиларини ёрқин бўёкларда катта маҳорат билан акс эттирган. Унинг ижоди ранг-тасвирга миллий руҳ, урф-одатлар, замондошлар, машҳур намояндалар образлари туркумини олиб кириши, қишлоқларда тасвирий санъат галереяларини ташкил қилиши билан алоҳида аҳамиятга эга. У 1998 йилда “Эл-юрт хурмати” ордени билан мукофотланган.
1935 йил (бундан 90 йил олдин) – Абдулла Қодирийнинг таржимаси асосида Ҳамза театри (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри) “Уйланиш” пьесасини саҳнага қўйди. Спектакль катта муваффақият қозонди. Абдулла Қодирий Ҳамза театри жамоасининг илтимоси билан Николай Гоголнинг “Уйланиш” комедиясини ўзбек тилига таржима қилишга киришган ва уни 1935 йилда муваффақиятли тугаллаган эди. Асарнинг таржимаси ва уни ижро этган артистларнинг фаолиятлари ҳақида ўша давр вақтли матбуотида бир қатор ижобий мақола ва тақризлар чоп этилган.
Қодирий “Уйланиш” комедиясини таржима қилишга киришар экан, асардаги ҳар бир персонаж характерини чуқур ўрганиб, шу характер моҳиятини очишга ёрдам берадиган сўзлар ва ифодаларни топишга интилган. Мазкур спектаклга тақриз ёзган Сотти Ҳусайн адибнинг таржимонлик маҳоратига юқори баҳо берган. Афсуски, таржиманинг тўла матни 1937 йилнинг ғала-ғовур кезларида йўқолган. Аммо асар биринчи пардасининг суфлёр нусхаси Иззат Султон архивидан топилиб, Ж.Шариповнинг “Бадиий таржималар ва моҳир таржимонлар” китобида 1972 йилда эълон қилинган.
1991 йил (бундан 34 йил олдин) – Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси ва Марказий назорат қўмитасининг қўшма Пленуми Республика Компартиясининг КПСС Марказий Қўмитаси билан ҳар қандай алоқасини тўхтатишга, КПССнинг барча ташкилотларидан чиқишга, унинг Марказий органларидаги ўз вакилларини чақириб олишга қарор қилди.
1991 йил (бундан 34 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат симфоник оркестрини Ўзбекистон миллий симфоник оркестрига айлантириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвирини тайёрлаш ва ундан фойдаланиш масалалари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Нигерия Федератив Республикаси билан дипломатия муносабатларини ўрнатди.
1996 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Самарқанд шаҳрини «Амир Темур» ордени билан мукофотлаш тўғрисида” ҳамда “Шаҳрисабз шаҳрини «Амир Темур» ордени билан мукофотлаш тўғрисида” фармонлари қабул қилинди.
1996 йил (бундан 29 йил олдин) – “Мискин–Тўрткўл” темир йўли қурилиши тугалланди. Дастлабки поезд Тўрткўлга йўловчиларни олиб борди.
1998 йил (бундан 27 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “«Эл-юрт ҳурмати» орденини таъсис этиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”, “Давлат ер кадастри тўғрисида” қонунлари қабул қилинди.
2000 йил (бундан 25 йил олдин) – ЮНЕСКО Тошкентда сақланаётган Усмон Мусҳафининг асл нусха эканини тасдиқловчи ҳужжат – сертификат берди. Бу муборак Қуръон учинчи халифа Усмон ибн Аффон (розийаллоҳу анҳу) буйруғига асосан VII асрда (милодий 644–648 йилларда) кийик терисига кўчиртирилган. Ўша даврда жами олти нусха Мусҳаф кўчиртирилган эди.
2009 йил (бундан 16 йил олдин) – Тошкент шаҳри марказида “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи очилди. Амир Темур хиёбони меъморий ансамблининг дурдонасига айланган мазкур сарой ўз маҳобати, салобати, бетакрор тарихи, замонавий ландшафт дизайни билан Тошкент шаҳри чиройига чирой қўшди. “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройининг баландлиги 48 метр. У 300 ўринли мажлислар зали, 300 ўринли қабуллар зали ва 1800 ўринли анжуманлар залига эга.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида стратегик шерикчиликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жиззах шаҳрида «Қозон (Волгабўйи) федерал университети» федерал давлат автоном олий таълим муассасаси филиали фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Тошкент шаҳрида «С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти» федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА