Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев бошчилигидаги депутатлар Жавлон Абдуллаев ҳамда Ойбек Отамуратовлардан иборат ишчи гуруҳ Хоразм вилоятида ўрганишлар олиб бормоқда.
Жумладан, ишчи гуруҳи Хонқа туманидаги оқова сув тозалаш иншооти фаолиятини ўрганди. Мазкур сув тозалаш иншооти янгидан барпо этилган бўлиб, лойиҳага жами 46,5 млрд. сўм маблағ ажратилган. 12,2 км оқова сув тармоқлари қурилган бўлиб, кунига 4 минг метр куб оқова сувни тозалаш қувватига эга. Шунингдек, 2 та оқова сувни ҳайдаш иншооти ҳам барпо этилган. Натижада туман марказидаги таълим ва тиббиёт муассасалари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда 28 мингдан ортиқ аҳоли илк бор марказлашган оқова сувларни тозалаш хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Фракция раҳбари Абдушукур Ҳамзаев сув тозалаш иншооти фаолиятида экологик талабларга риоя қилиш, аҳолига ноқулайлик туғдиришининг олдини олиш бўйича қатор тавсиялар бериб ўтди.
Ишчи гуруҳи Шовот туманида ҳам бўлиб, бир қатор корхона ва фермер хўжаликлари фаолияти билан танишди. Хусусан, Туркистон маҳалласидаги “Евротех” МЧЖда бўлган халқ вакиллари ишлаб чиқариш жараёни, корхонанинг экологик талабларга мувофиқлиги ҳамда келгусида самарадорликни янада ошириш масалаларига эътибор қаратдилар.

Мазкур корхона 2012 йил сентябрь ойида ишга туширилган бўлиб, асосан ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ҳозирда корхонада ойига 2000 тоннага яқин ип-калава маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда ва бу жараёнда 1 минг 800 нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қиляпти.
Ишчи гуруҳ вакиллари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчатчиликка ихтисослашган “Анор” фермер хўжалиги фаолиятини ҳам ўрганди. Маълум қилинганидек, ушбу фермер хўжалиги яшил зоналарни кенгайтириш, экологик муҳитни яхшилаш ва ҳудудни ободонлаштиришда фаол иштирок этиб келмоқда. Хўжаликнинг 23 гектар ер майдонида 15 турдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, турфа хил гуллар экилган. Келгусида хўжалик ҳудудини кенгайтириш ва ёшларни кўчат етиштириш жараёнига кенг жалб қилиш режалаштирилмоқда. Хўжалик раҳбари Бозорвой Оқмонов бошчилигида амалга оширилаётган амалий ишлар ишчи гуруҳ томонидан юқори баҳоланиб, кўчатчилик ҳудудини кенгайтириш бўйича тавсиялар берилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА