Венада (Австрия) Ўзбекистон Фанлар академияси (ЎзР ФА) ва Австрия Фанлар академияси ҳамкорлигида “Биотиббиёт: Чегараларсиз фан” мавзусида тарихий аҳамиятга эга симпозиум бўлиб ўтди.
Икки давлат фанлар академиялари томонидан илк бора ўтказилган мазкур йирик халқаро илмий анжуманда етакчи олимлар, тиббиёт марказлари, университетлар ҳамда саноат вакиллари иштирок этди.
Тадбирга Ўзбекистон томонидан ЎзР ФА вице-президенти Шаҳло Турдиқулова раислик қилди.
Симпозиум ишини Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси Бахтиёр Ибрагимов очиб берди ва симпозиум ишига омад тилади.
Анжуманда биотиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар, жумладан, геномика ва иммунология, регенератив тиббиёт ҳамда ахборот технологияларига асосланган диагностика бўйича илмий изланишлар муҳокама қилинди. Маърузаларда австриялик олим Георг Штингл автоиммун касалликлар учун янги даволаш усулларига оид тадқиқот натижаларини тақдим этди.
Ўзбекистонлик тадқиқотчи, ФА академиги — Равшан Сабиров иммун тизимидаги тимус ҳужайралар — тимоцитларда ҳужайра ҳажмини бошқаришда иштирок этувчи махсус ион каналлари (VSOR/VRAC)ни ўрганиш ва уларнинг фаолиятига табиий моддалар ёрдамида таъсир ўтказиш бўйича тадқиқот натижаларини тақдим этди. Бу тадқиқот иммун тизими ривожланиш жараёнларини чуқурроқ тушунишга ёрдам бериши кутилмоқда.
Шунингдек, COVID-19 пандемияси тажрибасидан келиб чиққан ҳолда юқумли касалликларга қарши вакцина яратиш масаласига оид маълумотлар, иқлим ўзгариши ва урбанизациянинг аллергия тенденцияларига таъсири мавзуларида сўз юритилди. Бундан ташқари, 2-тур қандли диабет ҳамда боғлиқ юрак-қон томир касалликлари ривожи учун хавф маркерларини аниқлаш бўйича тадқиқотлар баён қилинди.
Симпозиум жараёнида савол-жавоб сессиялари ва очиқ мулоқотлар орқали икки мамлакат олимлари ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олдилар.
Унда қўшма тадқиқотлар учун устувор мавзуларни аниқлаш, халқаро грантлар ва фондлар доирасида молиялаш имкониятларини ўрганиш, докторлик ва постдокторантура стажировкалари учун қўшма дастурларни ишлаб чиқиш, шунингдек, мастер-класслар ва семинарларни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳларни тузиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
ЎзР ФА вице-президенти Шаҳло Турдиқулова симпозиумни юқори баҳолаб, бу ҳамкорлик икки мамлакат фанлар академиялари тарихида янги саҳифа очганини таъкидлади:
“Ўзбекистон ва Австриянинг илмий жамоалари ўртасида илк бор шундай нуфузли ҳамкорлик симпозиумининг ўтказилиши фанлар академиялари тарихи учун муҳим воқеа бўлди. Бугунги очиқ мулоқот ва илмий фикр алмашинув биз учун янги йўллар очди, қўшма лойиҳалар, ёш олимлар алмашинуви ва инновацион платформалар учун асос яратди. Шундай нуфузли симпозиумларда иштирок этиш нафақат илмий ғоялар алмашиш, балки Ўзбекистоннинг халқаро илмий майдондаги обрў-нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади” дейди, Шаҳло Турдиқулова.
Тадбир якунида симпозиум материаллари ва таклиф этилган йўл харитаси яқин кунларда ҳар икки академиянинг масъул бўлинмалари томонидан муҳокамага чиқарилиши таъкидланди.
Мазкур симпозиум Ўзбекистон ва Австрия илмий ҳамжамиятлари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи бўлиб, глобал соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларга биргаликда ечим топиш имкониятини янада кенгайтирмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/BR1fJLOPr-I" title="O‘zbekiston va Avstriya Fanlar akademiyalari ilk qo‘shma simpoziumi bo‘lib o‘tdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Моҳичеҳра Эшмирзаева, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА