Самарқанд вилоятида бугунги кунда 1272 та умумтаълим мактаби, 18 та ихтисослаштирилган мактаб ва битта Президент мактаби, шунингдек, 46 та нодавлат мактаб фаолият кўрсатмоқда. Бу муассасаларда 777 минг нафар ўқувчи таълим олмоқда.
Янги ўқув йилида вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 1-синфига 91 минг 700 нафардан ортиқ ўқувчи қабул қилиниши кўзда тутилган. Улар учун 13 турдаги ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси” келтирилиб, барча мактабларга етказилган.
Шу пайтгача аксарият мактаблар жорий таъмирланиб, ўқув йилига шай ҳолатга келтирилди. 76 та умумтаълим мактаби ва 28 та мактабгача таълим ташкилотларида эса қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг учун тегишли давлат дастури асосида республика бюджетидан 370 миллиард сўм маблағ ажратилган.

– Қурилиш ишлари якунига етиши билан умумтаълим мактабларида 21 мингга яқин қўшимча ўқувчи ўрни, мактабгача таълим ташкилотларида 750 та янги ўрин яратилади,– дейди Самарқанд вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов. – Жумладан, Булунғур туманидаги Янги Ўзбекистон массивида 330 ўринли янги мактаб ва спорт зал қурилмоқда. Нарпай туманидаги 64-мактабнинг мавжуд биноси мукаммал таъмирланмоқда. Иштихон, Ургут, Нуробод, Қўшработ, Пайариқ туманларидаги маҳаллаларда янги давлат мактабгача таълим ташкилотлари қурилмоқда. 21 та мактабгача таълим ташкилоти реконструкция қилинмоқда.

Янги ўқув йилидан вилоятда 5 та нодавлат умумтаълим ташкилоти фаолият бошлайди ва уларнинг умумий сони 51 тага етади. 143 та таянч мактабда “Касбий маҳорат хонаси” ташкил этилади. Инклюзив таълим тизими жорий қилинган умумтаълим мактаблари 104 тадан 150 тага етказилади. Бу йил ҳар туман ва шаҳарда биттадан, жами 16 та “Жасорат мактаби” фаолияти йўлга қўйилмоқда. Шу пайтгача вилоят бўйича 117 та мактабда янгича баҳолаш тизими йўлга қўйилган эди, энди уларнинг қаторига яна 83 та мактаб қўшилади.

Яқинда янги ўқув йили олдидан ўтказилган устозлар форумида вилоятдаги 86 та мактабда таълим даражаси пастлиги, педагогларнинг сифат таркиби, яъни олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши бўйича вилоятда ўртача кўрсаткич 31 фоизни ташкил этаётгани, Ургут, Иштихон, Каттақўрғон, Пастдарғом, Пайариқ ва Нуробод туманларида бу кўрсаткич янаям пастлиги танқид қилинди. Шунингдек, хорижий тил фан ўқитувчиларининг миллий ва халқаро даражадаги сертификатларни олиш бўйича кўрсаткичлар ҳам яхши эмаслиги айтилди. Мактаб битирувчиларининг давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кириши 27 фоиз атрофида эканлиги ҳам Самарқандда мактаб таълими сифатини ошириш учун ҳали кўп меҳнат қилиниши кераклигини кўрсатади.

– Ўтган ўқув йили якунлари таҳлили ҳамда устозлар форумида вилоятимиз раҳбари томонидан кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан вилоят, туман ва шаҳар ҳамда мактаб даражасида режа ва дастурларни қайта кўриб чиқдик, – дейди М.Ҳамдамов. – Шу асосда бу йил олий тоифали ўқитувчилар улуши 10 фоиздан 12 фоизга, биринчи тоифалилар улуши 18 фоиздан 21 фоизга, иккинчи тоифалилар 24 фоиздан 26 фоизга етказилади. 631 нафар (ўтган йил 986 нафар эди) стажёр ўқитувчи касбий сертификатлаш учун назорат синовларидан ўтказилади. Миллий ва халқаро сертификат олган ўқитувчилар улуши 47 фоиздан 63 фоизга етказилади. Бу натижаларга эришиш учун вилоятдаги олий таълим муассасалари, педагогик маҳорат маркази ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаб олдик. Энг муҳими, бунга вилоятимизда имконият бор, салоҳиятимиз етади. Гап белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида, сифатли бажаришимизда. Янги ўқув йилини олдимизга улкан мақсадлар қўйиб, маррани баланд олиб бошлаяпмиз, фидойилик билан меҳнат қилсак, бу мақсадларимизга, албатта, етамиз.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири