Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида юртимизда амалга оширилаётган саноатлаштириш сиёсатининг яна бир самараси сифатида Жиззах вилоятининг Фориш туманида янги лойиҳага асос солинди.
“Эгизбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида, Хитой давлати ҳамкорлигида “Зомин кафел инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан гидроксид калций ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий саноат корхонаси қурилиши бошланди.

Лойиҳа қиймати 45 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 30 миллион доллари хорижий инвестиция ҳисобланади. Янги корхона йилига 300 минг тонна гидроксид калций ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Барча технологик ускуналар Хитойдан олиб келиниб, замонавий талаблар асосида ўрнатилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, корхона тўлиқ ишга тушгач, 110 та доимий иш ўрни яратилиб, йилига 600 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиши мўлжалланган. Бу нафақат туман иқтисодиётига, балки вилоят саноатидаги улушни оширишда ҳам муҳим омил бўлади.

Гидроксид калций қурилиш, қишлоқ хўжалиги, саноат, тиббиёт, санитария ва канализация тармоқларини тозалаш соҳаларида кенг қўлланади. Шу жиҳатдан, ички бозор эҳтиёжини таъминлаш билан бирга, экспорт салоҳиятини кучайтиришда ҳам мазкур лойиҳанинг аҳамияти катта.

Лойиҳа 2026 йил декабрь ойига қадар тўлиқ амалга оширилиши режалаштирилган.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари