Замонавий жамият тараққиётининг асоси сифатида илм-фан ва инновациялар тобора муҳим ўрин эгаллаб бормоқда. Рақобатбардош иқтисодиёт, барқарор ривожланиш ва ижтимоий фаровонликни таъминлашда ушбу соҳаларга киритилган инвестициялар ва халқаро ҳамкорлик даражаси асосий омиллардан ҳисобланади. 2025 йилнинг дастлабки 6 ойи давомида илм-фан ва инновациялар йўналишида эришилган натижалар мамлакатда бу борадаги ижобий силжишларни кўрсатиб бермоқда.
Ўтган ярим йил мобайнида илм-фан ва инновациялар соҳасига қарийб 7,5 миллион АҚШ доллари миқдорида пул ажратилди. Бу нафақат амалий ёрдам, балки илмий тадқиқотларга бўлган ишончни ҳам ифодалайди.

Шунингдек, 6 та грант лойиҳаси доирасида 1,2 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий гранд маблағлари ажратилди. Грантлар фақат молиявий кўмак эмас, балки халқаро тажриба, технология ва билимлар алмашинувининг бир кўринишидир.
Малака ошириш бўйича 34 нафар мутахассиснинг хорижий илмий марказларда таҳсил олгани эса илмий кадрлар салоҳиятини ошириш ва уларни замонавий илм-фан талабларига мослаштириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири.
Шу билан бирга, ўтказилган 20 та халқаро ҳамкорлик тадбири илмий муҳитни янада жонлантиришга хизмат қилган бўлса, 5 та янги меморандумнинг имзоланиши эса келажакда қўшма лойиҳалар ва илмий алмашувлар учун мустаҳкам асос яратади.
Йилнинг биринчи ярмида эришилган бу ютуқлар, албатта, илм-фан ва инновациялар соҳасида тизимли ислоҳотлар олиб борилаётганидан дарак беради. Инвестицияларнинг кўпайиши, хорижий грантларнинг жалб қилиниши, малака оширишлар ва халқаро алоқаларнинг мустаҳкамланиши мамлакатда илмни ривожлантириш йўлида қўйилган муҳим қадам. Келгусида ушбу сармоялар ўзини оқлаб, мамлакатимиз ривожланиши учун ўз хиссасини қўшади, деган умиддамиз!
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА