2022 йилда фуқаро Ж.М. Нукус туманида қурилиши режалаштирилган турар жой мажмуасининг биринчи қаватидан бир хонали хонадонни 279,2 миллион сўмга харид қилиш мақсадида қурувчи “A-S company” MCHJ билан шартнома тузган.
Шартнома асосида истеъмолчи 45 миллион сўм бошланғич тўловни банк орқали “A-S company” MCHJ ҳисоб рақамига ўтказган. Аммо орадан уч йилдан ортиқ вақт ўтса ҳам, турар жой қурилиши бошланмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ж.М. Нукус тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган. Жамият мутахассислари истеъмолчининг манфаатини кўзлаб судга даъво аризаси киритган.
Суд ишни кўриб чиққач, даъво талабларини асосли деб топиб, қарор қабул қилган.
Қарорга кўра, жавобгар “A-S company” MCHJдан Ж.М. фойдасига 45 миллион сўм бошланғич тўловни, 2 миллион сўм маънавий зарар учун товон ва 37,5 минг сўм почта харажатларини ундириш белгиланган. Шунингдек, давлат божи суммаси ҳам давлат даромадига ундирилади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган шу каби чоралар фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунийлик ва масъулиятни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Истеъмолчилар ўз ҳуқуқлари бузилган тақдирда “1091” қисқа рақамига мурожаат қилиб, мутахассислар ёрдамини олишлари мумкин.
М.Эшмирзаева, ЎзА