Навоий вилояти Экология бошқармаси, Прокуратура, Ички ишлар бўлими ҳамда Миллий гвардия масъулларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Кармана туманидаги "Янгиариқ" МФЙ ҳудудида жойлашган оҳак пишириш хумдонлари фаолияти ўрганилди.
Текширувлар давомида айрим хумдонларда атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқарилаётгани аниқланган. Шунингдек, ҳудудда бир нечта оҳак ишлаб чиқариш цехлари белгиланган тартибда рухсат олмасдан фаолият юритиб келаётгани маълум бўлди.
Натижада "Янгиариқ" МФЙ ҳудудида жойлашган 36 та ноқонуний оҳак пишириш хумдонлари бузиб ташланди.
Мутасаддилар таъкидлашича, ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда ва ноқонуний фаолият юритаётган бошқа хумдонларга нисбатан ҳам белгиланган тартибда чоралар кўрилади.
Ҳамроз Баянов,
ЎзА