4-14 сентябр кунлари Англиянинг Ливерпуль шаҳри бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати баҳсларига мезбонлик қилади. Ушбу жаҳон биринчилигида 60 та давлатдан 500 дан ортиқ боксчилар иштирок этиши кутилмоқда.
Жангларнинг саралаш ва чорак финал босқичлари 4-10 сентябрга белгиланган. 12-13 сентябрда ярим финал учрашувлари ўтказилади. Финаллар 14 сентябрь куни бўлиб ўтиши белгиланган.
***
Жиззах шаҳрида жойлашган "Киберспорт аренаси" спорт мажмуасида таэкwондо WТ бўйича кичик ўсмирлар ўртасида мамлакат биринчилиги ҳамда катталар ўртасида Олимпия вазнлари бўйича Ўзбекистон кубоги беллашувлари бўлиб ўтди. Мазкур мусобақада республикамизнинг барча ҳудудларидан келган иқтидорли ёш атлетлар иштирок этди.

Мусобақанинг кичик ўсмирлар биринчилигида ўтган беллашувларда Асадуллоҳ Илҳомбеков, Сарвар Зайнутдинов, Муҳаммадбек Турдиев, Ифорабегим Хўжамбердиева, Рухшона Эркинова, Залида Сарсенбоева, Асалхон Низомиддинова ҳамда Зилола Алимова ўз вазн тоифаларида олтин медални қўлга киритди.
***
Бугун футбол бўйича Ўзбекистон кубоги чорак финал баҳсларига старт берилади. 25-27 август кунлари давомида ярим финал иштирокчилари аниқланади. Ўйинлар битта баҳсдан иборат бўлиб, агар 90 дақиқа давомида ғолиб аниқланмаса қўшимча бўлимларга мурожаат қилинади ва унда ҳам кучлар тенг келса, пенальтилар сериясига ўтилади.

Чорак финал босқичини “Сўғдиёна” ва “Навбаҳор” учрашуви бошлаб берса, 26 август куни “Пахтакор” – “Машъал” клублари тўқнашади. 27 августда “Динамо” – “Шўртан” ҳамда “Бунёдкор” – “Бухоро” жамоалари рақобатлашади.
***
Франциялик футболчи Килиан Мбаппе Мадриднинг "Реал" жамоаси сафида 2025 йилда жами 37 та ўйинда майдонга тушди ва 33 та гол урди. У Ла Лига 2-тури доирасида "Овьедо" билан баҳсда (3:0) дубль муаллифига айланди.
Таъкидлаш керак, Мадрид гранди Ла Лига доирасида навбатдаги ўйинини 31 август куни "Мальорка"га қарши ўтказади.
***
Давлатимиз раҳбарининг "Олимпия шаҳарчаси"га ташрифи давомида берилган топшириқлар ижроси юзасидан Спорт вазирлигида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ёшларни спортга жалб қилишни янада жадаллаштириш, олимпия спорт турларини мактаб давридан бошлаб ривожлантириш, бу борада Тошкент шаҳри тажрибасини яратиш ва уни республикамизнинг барча ҳудудларига татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда "Олимпия шаҳарчаси"га ташриф давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлашга қаратилган алоҳида дастур қабул қилиниши ва қатъий назорат остида амалга оширилиши зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга, "Олимпия шаҳарчаси" ҳудудидаги иншоотлардан самарали фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берилиб, мамлакатимиз ва хорижда ўтказилаётган спорт мусобақалари ҳамда келгусидаги нуфузли спорт тадбирларига тайёргарлик бўйича ахборотлар тингланди.
***
Фарғона вилоятида жойлашган “Само” спорт мажмуасида спортнинг карате WKF тури бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Юртимизнинг турли ҳудудларидан келган 1 минг 440 нафар спортчилар ғолиблик учун беллашмоқда. Мусобақа жараёнлари жорий йилнинг 30 август кунига қадар давом этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА