Ватанимиз тарихидаги 25 август санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1404 йил (бундан 621 йил олдин) – Испаниядан Самарқандга – Амир Темур саройига отланган элчилар гуруҳи Бойсун тоғларидаги Темир дарвозага етиб келишди (ҳозирги Сурхондарё вилояти ҳудудида). Мазкур жойни элчилар гуруҳи таркибидаги Руи Гонсалес де Клавихо ўз “Кундалиги”да шу ном билан тилга олган. Тарихчи Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома”сида унинг номи “Дарбанди Оҳанин” ва “Қаҳалқа” шаклларида берилган. Тарихчи олим Омонулла Бўриевнинг ёзишича, мазкур жойнинг XV аср бошидаги ҳолати ва аҳамиятига оид тафсилотларни фақат Клавихо беради, холос. Жумладан, унда қуйидаги географик маълумотларни ўқиймиз:
“... душанбада (1404 йили 25 август) улар (элчилар) баланд бир тоғ этагида тунадилар. Унинг чўққисида хочсимон шаклда ғиштдан қурилган бир ажойиб бино турарди; у турли рангдаги кошин билан нақшинкор қилинган. Бу тоғ жуда баланд, унда тор дарадан иборат ўткил бор, худди инсон қўли билан қилингандай; тоғдан ана шу дара орқали ўтилади; икки томондан баланд тоғлар кад кўтарган, [дара] эса текис ва жуда чуқур. Ушбу даранинг ўртасида қишлоқ бор, ундан тепада баланд тоғ юксалган. Тоғдаги бу ўткил Темир дарвоза деб аталади. Ўша ерда бундан бошқа ўтиш жойи йўқ. У Самарқанд подшоҳлигини Кичик Ҳиндистон томондан ҳимоя қилади... Мазкур Темир дарвоза Темурбекнинг ихтиёрида ва унга ҳар йили катта даромад келтиради; чунки Кичик Ҳиндистондан Самарқанд подшоҳлигига ва ундан шимолдаги ўлкаларга йўл олган савдогарлар шу ердан ўтадилар...”
Бу жойнинг “Темир дарвоза” деб аталишига сабаб, Клавихонинг ёзишича, қадимда бу ерда мазкур икки дарани улаб турувчи темир дарвоза қурилган экан. Темир дарвоза Буюк Ипак йўлидаги муҳим божхона саналган ва Амир Темур салтанатида ҳам унинг халқаро савдо йўлидаги ана шу аҳамияти сақланган. Клавихо ҳам Темир дарвоза Темурбекнинг мулки эканлиги, Ҳиндистондан Самарқандга ва ундан шимолдаги ўлкаларга сафарга чиққан карвонлар шу ердан ўтиши ва бу жой катта даромад келтиришини таъкидлаган.
1924 йил (бундан 101 йил олдин) – Самарқанд шаҳрида “Овози тожик камбағал” (ҳозирги “Овози тожик”) газетаси нашр этила бошланди. Газета кейинчалик 1925 – 1931 йилларда “Овози тожик”, 1950 – 1964 йилларда “Ҳақиқати Ўзбекистон” номи билан чиккан. 1992 йил 1 январдан ҳозирги номдаги саҳифаларда дўстлик ва биродарлик шиори остида Ўзбекистонда юз бераётган улкан ўзгаришлар ёритиб борилади.
1998 йил (бундан 27 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур таваллудининг 665 йиллигини нишонлаш, маънавий қадриятларимизни келгуси авлодларга етказишни таъминлаш ҳамда уни кенг тарғиб қилиш мақсадида “Амир Темур жаҳон тарихида” номли илмий-оммабоп китобнинг иккинчи тўла нашрини яратиш белгиланди. Ушбу улкан тадқиқот тўлдирилиб, 2001 йилда қайта нашр этилди.
2000 йил (бундан 25 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёш истеъдодлар учун «Ниҳол» мукофотини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2001 йил (бундан 24 йил олдин) – Тошкент шаҳрида Япон боғи очилди. Боғнинг майдони 4 гектар. Боғ қурилиши 1997 йил сентябрда, Тошкент марказидаги қадимги кўл соҳилида бошланган. Япон боғи 2 қисм: “Каресансуи” – дзен-буддизм фалсафаси асосида махсус ўрнатилган тошлар ва дарахтлардан ҳамда “Чесен-каию” – қадимги япон синтоизми қувноқлик дунёсини акс этгирувчи ҳовуз, жилға ва гуллардан ташкил топган.
2003 йил (бундан 22 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
2007 йил (бундан 18 йил олдин) – Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллик юбилейига бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Бу маросим Самарқандда 1997 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” VI халқаро мусиқа фестивалига уланиб кетди.
2010 йил (бундан 15 йил олдин) – Тошкент шаҳрида “Chevrolet Spark” автомобилининг такдимоти бўлиб ўтди.
2015 йил (бундан 10 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонуннинг мақсади инвестиция ва пай фондлари фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида” қонунлари қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Андижон вилоятида ахборот технологияларига ихтисослашган технологик паркни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Олий судида мустабид совет даврида қатағон қилинган 115 нафар шахсни оқлаш юзасидан 6 жиноят иши кўриб чиқилди ва улар реабилитация қилинди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишида “ўрганишлар жараёнида аниқланган, муайян сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонларини оқлаш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритиб бориш” тадқиқотчилар олдига муҳим вазифа қилиб қўйилган эди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофотини таъсис этишни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА