Жадидлар XIX аср охири – XX аср бошида Россия империясида мусулмон модернист ислоҳотчилари бўлган. Улар ўзини “тараққийпарвар”, “зиёли” ёки фақат “Ёшлар” деб атаган кишилар эди.
Гарчи ҳаракат ичида жиддий мафкуравий келишмовчиликлар бўлган бўлса-да, жадидлар аксил-клерикал ҳаракат бўлган, таълим соҳасини ислоҳ қилиш ҳамда мактабларда “усул ул-жадид” ёки “янги усул”ни татбиқ қилиш ва ривожлантиришга интилган.
Жадидлар – ёшлар, бу эса ёшлар ҳаракати эди. Маълум бўлишича, машҳур жадид ва ёшларнинг севимли ёзувчиси Чўлпон 1910 йилда 13 ёшда, Беҳбудийнинг ёши эса 30 ошиқроқ бўлган экан. Ўша ҳаракат иштирокчилари фақат ёшлардан иборат экани маълум бўлмоқда. Айни масалага ёнгдашилганда, шундан келиб чиқиш керак бўлади. Бу ёшлар интеллектуал жиҳатдан ривожланган ва Туркистоннинг жаҳон тараққиётидан орқада қолаётгани сабабларини тушунар эди. Шу ўринда қайд этиш жоизки, маърифатпарварликнинг чуқур илдизлари бўлиб, фақат жадидчилик кўринишида зуҳур бўлгани йўқ. Унинг маърифатпарварлик илдизлари ҳам бор эди ва жадидчилик ушбу ҳаракатнинг аккумулятори – қувват йиғувчиси бўлди. Албатта, у олдинги адабиёт, олдинги фалсафа ютуқларига асосланган. Жадидлар ўзини ушбу фалсафанинг таҳлилчилари сифатида ҳам намоён қилди. Биламизки, машҳур маърифатпарвар Аҳмад Дониш, шоирлар Муқимий, Фурқат, Ҳамза, Убайдулла Завқий, Муҳаммад Баёний, Абай Қўнонбоев ва олим Чўқон Валихонов ислоҳотнинг ҳассос тарафдорлари бўлган, улар боши берк кўчадан чиқишни нафақат маърифатда, қолаверса, туркий халқлар бирлигида кўрган. Ўтмишдошларидан анча олдинлаб кетган ва маърифатпарварликдан сиёсатга ўтган жадидлар шу заминда униб чиққан.
"Жадидлар — миллат қаҳрамонлари" лойиҳасининг бу галги сонида фалсафа фанлари доктори, профессор Шаҳноза Мадаева жадидчилик ҳаракатида "ёшлар сиёсати"нинг ўрни ҳақида батафсил маълумот беради.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/GN-x8NVh0zM" title="Jadidchilik harakatida "yoshlar siyosati" " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА