Мамлакатимизда сўнгги йилларда футболга қаратилаётган улкан эътибор самарсида, юртимиз ёшлар ўртасида турли футбол мусобақалари ташкил этилаётгани барчамизга маълум. Жумладан, мазкур мусобақалар орасида 2021 йилдан буён мунтазам футбол ҳамда мини-футбол бўйича ўтказилаётган Давлат хавфсизлик хизмати кубогига ёшларимиз қизиқиши йил сайн ортмоқда.
Таъкидлаш лозимки, жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўғил болалар ўртасида футбол, йигит ва қизлар орасида мини-футбол бўйича ДХХ кубоги мусобақаларида 251 минг нафардан ортиқ навқирон авлод вакилларини жамлади.
Мазкур усобақалар дастлаб апрель-май ойларида юртимиздаги туман, шаҳарлар кесимида биринчи босқич баҳслари ўтказилган бўлса, июнь-июль ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида иккинчи босқич мусобақалари бўлиб ўтди. Улардан сараланган 42 та жамоа ДХХ кубогининг сўнгги ҳал қилувчи Республика босқичи19-23 август кунлари “Бунёдкор” футбол академияси майдонларида ўтказилган бўлса, финал ўйини “Жар” стадионида бўлиб ўтди.
Футбол бўйича финал баҳсида Сирдарё вилояти, Янгийер шаҳар “Aбдураҳмон Жомий” маҳалласи ёшларидан иборат жамоа 1:0 ҳисобида Қашқадарё вилояти, Касби тумани, “Қоратепа” жамоасини таслим этиб ғолиб бўлди. Тошкент шаҳри жамоаси эса учинчи ўриндан жой олди.
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилаётган мини-футбол бўйича ДХХ кубогининг ўғил болалар ва қизлар ўртасидаги мусобақалар ҳам қизғин ва муросасиз ўтди. Қизлар ўртасидаги беллашувларда Навоий вилояти, Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилояти жамоалари шоҳсупага кўтарилди. Ўғил болалар орасида Тошкент шаҳри, Самарқанд вилояти ҳамда Қашқадарё вилояти жамоалари кучли учликдан жой олди.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Республика босқичида ўғил болалар ўртасида футбол ва мини-футбол бўйича ғолиб бўлган жамоалар маҳалласига мини-футбол майдони, иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар учун универсал спорт майдони (баскетбол ва волейбол ўйинлари учун мўлжалланган), учинчи поғонадан жой олган жамоалар маҳалласига “Стритбол” (бир саватли кўча баскетболи) спорт майдони қуриб бериладиган бўлди. Қизлар мусобақасида ғолиб ва совриндор бўлган жамоалар пул мукофоти билан тақдирланди.
[gallery-24929]
Бундан ташқари барча ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва турли қиммат баҳо совғалар топширилди.
Дарвоқе, “Жар” стадионида ўтказилган финал учрашувида элимиз суйган сантъаткорларнинг куй ва наволари мусобақа иштирокчилари ҳамда мухлислар кайфиятини янада кўтарди.
Жавоҳир Тошхўжаев, Алмурод Мамадаминов (сурат), ЎзА