Болгариянинг Самоков шаҳрида спорт курашлари бўйича ёшлар ўртасида давом этаётган жаҳон чемпионатининг юнон-рум кураши бўйича беллашувлар вакилларимиз учун муваффақиятли давом этмоқда.
Мусобақанинг навбатдаги кунида вазни 77 килограмм бўлган полвонимиз Аҳмад Қодиров сўнгги ҳал қилувчи финал баҳсида арманистонлик Гаспар Тертерян билан рақобатлашди. Кескин ва муросасиз ўтган беллашувда Аҳмад полвонга бироз омад етишмади ва кумуш медали билан тақдирланди.

Шунингдек, 67 килограммгача бўлган курашчилар орасида Фаёзбек Эшмирзаев эронлик Ғуломризо Абдувалини 5:1 ҳисобида енгиб бронза медалига эга чиқди. Беллашувлар давомида вазни 63 килограммгача бўлган яна бир вакилимиз Аятжан Ҳалмахонов эса ярим финалда қозоғистонлик Дамир Ибрашовни 8:0 ҳисобида таслим этди.
Шу тариқа, Аятжан ўз вазнида финал йўлланмасига эга чиқиб, олтин медал учун 24 август куни арманистонлик Алекс Маргарян билан куч синашадиган бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА