Россия – Украина урушини тўхтатишга қаратилган эндиги дипломатик жараёнда Володимир Зеленский ва Владимир Путиннинг шахсий учрашуви кутилаяпти. Euronews хабарида бундай учрашувга қайси давлат мезбонлик қилади, деган мавзу ўртага ташланган.
Украина Президенти урушнинг бошиданоқ Россия раҳбари билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишга интилиб келаётган эди. Аммо Кремль ҳар доим бундай учрашувдан бош тортиб келди.
Дональд Трамп Москвага босимни кучайтирганидан кейин бундай учрашув бўлиш имконияти пайдо бўлди. Энди гап учрашув қачон бўлиши ҳақида эмас, балки қаерда бўлиши ҳақида ҳам кетмоқда.
Маълумки, Халқаро жиноий суд томонидан Владимир Путинга нисбатан украин болаларини ноқонуний олиб кетиш айби билан чиқарилган ҳибсга олиш ордери учрашув жойини танлаш имкониятларини кескин чеклайди. Агар у Халқаро Жиноий Суд таъсис этган Рим статутига қўшилган 125 давлатдан бирининг ҳудудига кирса, ҳибсга олиниш хавфи мавжуд.
Шу билан бирга, айрим давлатлар бундай учрашув урушни тугатиши мумкинлиги учун истисно тарзида Путинни ҳибсга олмасликка тайёр эканини билдиришган.
Швейцария — эҳтимолий мезбон давлатлардан бири сифатида кўриб чиқилмоқда. Бу мамлакатнинг ташқи ишлар вазири, Халқаро жиноий суд томонидан Путинга нисбатан чиқарилган ҳибс ордерига қарамасдан, уни тинчлик музокаралари ва мақсадлари учун қабул қилишга тайёр эканини маълум қилди.
Бу баёнот билан Швейцария анъанавий бетарафлик ва тинчлик музокараларида воситачи сифатида иштирок этишга тайёрлигини яна бир бор намоён этди.
Швейцария, ҳар қанча нейтрал мақомга эга бўлмасин, Рим статутини имзолаган давлатлардан бири саналади. Бу эса мамлакатга Халқаро жиноий суд қарорларига риоя қилиш мажбуриятини юклайди. Шунга қарамай, мамлакат ташқи ишлар вазири Иньяцио Кассис агар Владимир Путин тинчлик мақсадида келса, Швейцария уни қабул қилишга тайёр эканини маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Франция Президенти Эммануэль Макрон дўстона музокаралар учун Женева шаҳрини потенциал жой сифатида қўллаб-қувватлаган.
Австрия канцлери Кристиан Штокер ҳам ўз мамлакати — Вена шаҳрига музокаралар ўтказиш учун таклиф қилди. У Австрия ҳам Рим статутини имзолаганини эслатар экан, бу ташаббус тинчликни таъминлаш, Украина ва Европанинг хавфсизлик манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши кераклигини таъкидлаб, Путинни қабул қилишга тайёрлигини билдирган.
Бундан ташқари, Яқин Шарқ давлатлари ҳам ишончли учрашув жойи сифатида кўриб чиқилмоқда. Масалан, жорий йил март ойида Саудия Арабистони АҚШ делегациясини қабул қилиб, аввал Украина, сўнгра Россия расмийлари билан музокаралар олиб борган эди.
Euronews мухбири Адель Халлемнинг маълум қилишича, Форс кўрфазидаги унча катта давлат бўлмасада Қатар тинчлик музокараларида кўп бора воситачилик қилган. Яқинда бу мамлакат воситачилигида Россия уч нафар украин болаларини оилаларига қайтариб берди.
Шундай қилиб, музокаралар учун қулай ва қабул қилиниши мумкин бўлган нейтрал жойни топиш масаласи ҳали очиқ бўлиб қолмоқда. Аммо бу масалада бир қанча давлатлар ўз номини олға суряпти.
Euronewsнинг Дубайдаги мухбири Тоби Грегорининг маълум қилишича, Бирлашган Араб Амирликлари ҳам ўзини дипломатик воситачи сифатида намоён этишни мақсад қилган.
Володимир Зеленский 2019 йилда Украина президенти этиб сайланганидан бери Россия президенти Владимир Путин билан фақат икки марта телефон орқали гаплашган ва Парижда бўлиб ўтган “Норманд формати” доирасида бир марта шахсан учрашган, холос.
Бугунги кунда икки президент учрашуви эҳтимоли дипломатик саъй-ҳаракатлар орқали тобора яқинлашмоқда. Аммо бундай саммит қаерда, қай шароитда ва қандай кафолатлар билан ўтади — бу ҳали аниқ эмас.
Хабарларга кўра, ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган 2019 йилги учрашув чоғида Зеленский ва Путин шу кунгача долзарб бўлиб келаётган мавзуларни муҳокама қилганлар — улар орасида ҳарбий асирлар алмашинуви ва Украина шарқидаги отишмаларни тўхтатиш масалалари бор эди. Лекин, бу муаммолар фақат кучайиб, кўлами янада кенгайиб кетганидан хабарингиз бор.
2021 йил баҳорида, Россия Украина чегаралари яқинида қўшинларини тўплашни бошлаган пайтда Зеленский Путинга Донбассда, яъни Украина шарқида учрашиш таклифини билдирган эди. Аммо Путин бу таклифни рад этган. У Россиянинг можарога алоқадорлигини инкор этган ва, аксинча, Зеленскийни Москвага таклиф қилган. Хуллас, ўшанда иккала президент учрашуви рўй бермади.
Бу воқеалар нафақат икки давлат ўртасидаги чуқур ишончсизликни, балки дипломатик музокаралар учун жой танлаш масаласининг қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади. Музокаралар ўтказилиши учун, нафақат манзил, балки томонларнинг сиёсий иродаси ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
2022 йил февралида Россия тўлақонли урушни бошлаганида, Украина президенти Володимир Зеленский яна музокаралар ўтказишга чақирди. Аммо Путин яна президентлик даражасидаги ҳар қандай мулоқотни рад этди ва биринчи музокара учун фақат паст даражадаги делегацияни Беларусь чегараси яқинига юборди.
Шундан сўнг, Киев атрофидаги Буча ва бошқа аҳоли пунктларида Россия қўшинлари томонидан содир этилган оммавий золимликлар фош бўлди. Украина ҳукуматининг маълумотига кўра, фақат Бучанинг ўзида 458 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган.
Бу воқеалар Киевнинг Кремль билан мулоқотдаги позициясини тубдан ўзгартирди ва Украина раҳбарияти сўздан амалга ўтди. Кремль билан ҳар қандай дипломатик алоқада қаттиқ шартлар қўя бошлади. Музокаралар фақат Россия томонининг жиддий сиёсий ўзгаришлари ва жавобгарликка тайёрлиги шароитида муҳокама этилиши мумкинлиги аниқ айтилди.
Дональд Трамп Оқ уйга келганидан сўнг, Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ маъмуриятининг қўллаб-қувватловида яна Москва билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш ғоясини илгари сура бошлади.
2025 йил май ойида Зеленский кутилмаганда Туркияда Путин билан юзма-юз учрашувга тайёр эканини эълон қилди. У ҳатто Туркияга борди, бироқ Путин яна келишдан бош тортди ва ўрнига паст даражадаги вакилларни юборди. Буни кўпчилик сиёсатчилар Кремль ҳозирча юзма-юз учрашувни хоҳламаяпти дея талқин қилинди.
Дональд Трамп Киев ва Москва ўртасида воситачи сифатида фаол ҳаракат қилмоқда. Зеленский ҳамда Путин ўртасидаги учрашув бўлиши шарт, деб таъкидламоқда. Бироқ, бу учрашув қандай шаклда ўтиши ҳали номаълумлигича қолмоқда.
Америкалик манбаларга кўра, қуйидаги формат муҳокама қилинмоқда:
Биринчи босқич: Зеленский ва Путин икки тарафлама, ёпиқ учрашув ўтказади.
Иккинчи босқич: Дональд Трамп уларга қўшилиб, уч томонлама мулоқот бўлиб ўтади.
Бу усул Трампга "тинчликпараст етакчи" сифатида позицияни сақлаб қолиш имконини беради. Агарда учрашув самара бермаган тақдирда ҳам у масъулиятни тўлиқ ўз зиммасига олмаган воситачи ўлароқ ҳеч нарса “йўқотмайди” .
Айрим АҚШ манбалари маълум қилишича, Трамп ҳозирча тўғридан-тўғри аралашмасдан, музокара ташаббусини Зеленский ва Путинга қолдирмоқда. У "бир қадам орқада туриш" стратегиясини танлаган, яъни дастлаб уларнинг ўзлари музокара қилсин, кейин эса у аралашсин.
Трамп маслаҳатчиларининг маълумотларига кўра, у албатта Зеленский ва Путин билан уч томонлама учрашув ўтказиш ниятида. Аммо бу жараён фақат улар ўзаро учрашгандан кейин амалга ошади.
Кўпчилик сиёсатчиларнинг фикрича, бу вазият АҚШ, Украина ва Россия ўртасидаги дипломатик вазиятни ўзгартирадиган эҳтимолий бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Бироқ учрашувнинг ўзи рўй берадими, унга ким мезбонлик қилади ва у қандай натижаларни олиб келади - бу саволларга ҳозирча жавоб йўқ.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/dk9UON5C0RM?si=n1n3W47JP6W9Xo8Y" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА