"Ўзэнергоинспекция" ахборот хизмати маълум қилишича, Хоразм вилоятида мазкур ташкилот ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбири чоғида Урганч туманида жойлашган "D.R." фермер хўжалигининг қонунбузарликка қўл ургани фош этилди.
Текширув жараёнида фермер хўжалигига қарашли сув насоси электр ҳисоблагичининг уланиш схемаси ўзбошимчалик билан ўзгартирилгани, шу орқали электр энергиясидан ноқонуний тарзда фойдаланиб келинаётгани аниқланди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур қоидабузарлик оқибатида электр таъминоти корхонасига 3 миллиард 256 миллион сўм зарар етказилгани маълум бўлди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА