Ватанимиз тарихидаги 22 август санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1156 йил (бундан 869 йил олдин) – ануштегинийлар сулоласидан бўлган Хоразмшоҳ Эларслон тахтга ўтирди. Унинг илк фармони олийларидан бири қўшиндаги жангчиларнинг маошларини ошириш ва уларга хизматлари эвазига бериладиган ер – иқто майдонини кенгайтиришдан иборат бўлди.
1470 йил (бундан 555 йил олдин) – Алишер Навоийнинг маслаҳати билан Султон Ҳусайн Бойқаро Ҳирот тахтини эгаллаб олган душмани Ёдгор Мирзога қарши кечаси тўсатдан ҳужум қилди. Ёдгор Мирзо Боғи Шимолдаги қасрда эди. Хондамирнинг хабар беришича, Ҳусайн Бойқаро ёнидагиларни қасрга чиқишга ундайди, лекин ҳеч ким бунга журъат этмайди. Шунда Алишер Навоий қиличини ҳасса қилиб, яширин йўл орқали қасрга чиқади. Султон унинг ортидан Амир Қул Алини юборади. Иккаласи Ёдгор Мирзони кўлга оладилар ва у қатл этилади. Шундай қилиб, Навоийнинг сиёсий тадбири ва жасорати туфайли Ҳусайн Бойқаро тахтни иккинчи марта қўлга киритади.
1505 йил (бундан 520 йил олдин) – Муҳаммад Шайбонийхон 10 ойлик қамалдан сўнг Хоразм пойтахти – Кўҳна Урганчни эгаллади. Темурийлардан Султон Ҳусайн Бойқаронинг Хоразмдаги ноиби Чин Сўфи ўлдирилган. Мовароуннаҳр ва Хоразмда ўз ҳукмронлигини ўрнатган Муҳаммад Шайбонийхон энди бутун эътиборни Хуросонни забт этишга қаратди.
1923 йил (бундан 102 йил олдин) – Туркистон республикаси Ички ишлар халқ комиссари Н.Аралбаев томонидан сув милициясининг Низоми тасдиқланди. Тарихчи олим Аваз Ерметовнинг қайд этишича, унда: “сув милицияси ходимлари умумфуқаровий милиционерларга тегишли ҳамма ваколатларга эга бўлиб, уларнинг асосий вазифалари суғориш ва суғориш иншоотлари билан боғлиқ барча масалаларни назорат қилишдан иборат”, деб кўрсатилган эди.
1935 йил (бундан 90 йил олдин) – Ўзбек Миллий академик драма театрида Н.В.Гоголнинг илк бор ўзбек тилида саҳналаштирилган “Уйланиш” комедиясининг премьераси бўлиб ўтди.Асар ўзбек тилига Адулла Қодирий томонидан таржима қилинган. “Абдулла ака таржима қилган «Уйланиш» пьесаси, – деган эди ушбу спектаклни саҳналаштирган режиссёр Шариф Қаюмов, – менинг биринчи режиссёрлик ишимдир. Абдулла акам таржимани битириб келтирдилар. Чўлпон (ўша чоғларда бизда адабий эмакдош эди), театр директори Зиё Саидий ва кўпчилик артистлар таржимани муҳокама қилишга тўпландик. Абдулла акам камтар эди. Асарни ўқишга таклиф қиларкан: “Унча-мунча таржимада кечган камчилик ва хатоларни йўлакай бамаслаҳат тузатиб берамиз-да”, – деб қўйди. Биз таржимани “ўзингиз ўқинг” дедик. У киши бош чайқаб: “Йўқ, сизлар ўқингиз, артистсизлар, оҳангини ўрнига қўясизлар”, – деди... Асарни мен ўқидим...” Афсуски, Ҳ.Қодирийнинг “Отамдан хотира” китобида келтирилган шу хотира тугалланмай қолган.
1952 йил (бундан 73 йил олдин) – Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг бюроси “Ўртоқ В.Ю.Зоҳидовнинг хатолари ва мафкуравий айниши тўғрисида” қарор чиқарди. Бу қарорга мувофиқ республиканинг таниқли файласуфи ва адабиётшуноси Воҳид Зоҳидов “қўпол сиёсий ва миллатчиликдан иборат хатоларга йўл қўйганлиги учун” партиядан ўчирилди, Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) ўқитувчиси ва Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг катта илмий ходими лавозимидан ноҳақ бўшатилди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон ўқув юртларида ҳар йили 1 сентябрда «Мустақиллик куни»ни ўтказиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
1995 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2001 йил (бундан 24 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек миллий маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган марҳум адабиёт ва санъат намояндаларини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга асосан, бетакрор истеъдоди ва ўлмас ижодий мероси билан ўзбек миллий маданиятининг ривожига беқиёс ҳисса қўшган, бутун ҳаётини эл-юрт тараққиёти, халқимиз маънавиятининг юксалишига бахш этган ватандошларимизнинг хотирасини ёд этиб, уларнинг Ватан олдидаги унутилмас хизматларини инобатга олиб, ўн етти нафар марҳум адиб ва санъаткорлар “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланди.
2009 йил (бундан 16 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Электр ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2014 йил (бундан 11 йил олдин) – Президент фармонига асосан, мустақиллик йилларида шаҳар аҳлининг ижтимоий-иқтисодий, маданий соҳаларда эришган муваффақиятлари, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси, халқимизнинг тарихий ва маънавий меросини асраб-авайлаш, ёшларимизни улуғ аждодларимизга хос эзгу қадриятлар, мардлик ва жасорат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги катта хизматлари учун ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан Термиз шаҳри “Амир Темур” ордени билан мукофотланди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қиймати 50000 (эллик минг) сўм бўлган банкнот кўринишидаги янги пул белгиларини муомалага чиқарди. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қиймати 50000 сўм бўлган пул белгилари 144х78 мм ўлчамдаги ҳимояланган қоғозда тайёрланган. Банкнотнинг ўнг тарафидаги кенг оқ рангли сатҳда Ўзбекистон Республикаси Герби ва “50000” рақами кўринишида сув белгиси мавжуд.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА