Эфиопиянинг шимоли-шарқидаги Афар минтақасида олиб борилган кўп йиллик археологик тадқиқотлар давомида қадимий тошқотган тишлар топилди. Олимларнинг фаразича, бу тишлар 2 млн 600 – 2 млн 800 минг йил аввал айнан шу ерда икки хил инсон аждоди яшаганини кўрсатади. Қизиғи шундаки, улардан бири илм-фанга ҳали номаълум бўлган янги тур бўлиши мумкин. Бу ҳақда CNN хабар берди. Маълум қилинишича, 2015 йилда топилган 3 та тиш ҳомо турига мансуб бўлса, 2018–2020 йилларда аниқланган 10 та тиш австралопитек турига тегишли экани қайд этилган. Тадқиқот натижалари Nature журналида чоп этилган.
Хитойда 17 ёшли қиз севгилисини 14 минг долларга қул қилиб сотиб, Таиландга дам олишга кетди. Бу ҳақда The Times хабар берди. Маълум қилинишича, 19 ёшли йигит Гуанчжоудаги билярд клубида бир қиз билан танишиб қолган. У ўзини бадавлат меросхўр деб таништирган, шундан сўнг иш ва “қариндошлик алоқалари”ни ваъда қилиб, уни Мьянмага боришга кўндирган. Аммо чегара яқинида йигитни қуролланган фирибгарлар олиб кетган, қиз эса ғойиб бўлган.
Россия президенти Владимир Путин америкалик ҳамкасби Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқоти чоғида унинг Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашувини Москвада ўтказишни таклиф қилди. Трамп 18 август кунги учрашув вақти кутилмаганда Украина ва Европа делегациялари билан музокараларни тўхтатиб, Россия президентига қўнғироқ қилганди.
АҚШ Украинага хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш доирасида у ерда қўшин жойлаштиришни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби маълум қилди.
“Президент АҚШ ҳарбий хизматчиларининг Украина ҳудудида бўлмаслиги ҳақида аниқ фикр билдирди. Бироқ, биз, шубҳасиз, Европадаги иттифоқчиларимиз билан мувофиқлаштириш ишларида ёрдам беришимиз ва эҳтимол, хавфсизликни таъминлашнинг бошқа чораларини таклиф этишимиз мумкин”, деди у журналистлар учун доимий брифингда.
Мексиканинг нисбатан осойишта ҳисобланган Пуэбла ва Тлакскала штатларини боғловчи йўл ёқасидан 19 август куни 6 нафар эркакнинг узилган боши топилди. Бу ҳақда BBC хабар берди. Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, ушбу штатлар аввал картелларга оид жиноятлар ва зўравонликлар билан танилмаган. Полиция ҳозирча қотилликлар сабаби ёки жиноят ортида қандай жиноий гуруҳ тургани борасида изоҳ бермаяпти. Бироқ маҳаллий ОАВнинг хабар беришича, ҳодиса жойида адёл қолдириб кетилган бўлиб, унда огоҳлантирувчи ёзув қайд этилган. Мазкур хабарда рақиб жиноий гуруҳларга таҳдид йўлланган бўлиб, у “Ла Барредора” (яъни “Супурувчи”) номидан имзоланган.
Ўнга яқин давлат Украинага қўшинларини юборишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда аноним манбаларга таяниб, Bloomberg хабар берди. Европа етакчилари 19 август куни бўлиб ўтган онлайн учрашувда Украинадаги уруш тугагач қўшин юборишни муҳокама қилган. Хусусан, тинчлик келишуви доирасида Британия ва Франция ҳарбийларини юборишни кўриб чиқмоқда. Қўшинларнинг сони ва жойлашувига аниқлик киритилмаган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/lgm-V-eE4Qg" title="Xalqaro dayjest" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА