Ғазодаги уруш ўчоғи яна алангаланмоқда. Сўнгги кунларда Исроил армияси Ғазо ва шаҳар атрофидаги аҳоли зич яшайдиган ҳудудларга ҳаводан, қуруқликдан ҳужумни кучайтирди.
Расмий маълумотга кўра, бомбардимон оқибатида ҳар куни ўнлаб бегуноҳ инсонлар, жумладан болалар ва аёллар ҳалок бўлмоқда. Журналистлар, тиббиёт ходимлари ва ёрдам излаб келган фуқаролар ҳам нишонга айлангани халқаро миқёсда кескин норозилик уйғотмоқда.
Халқаро ҳамжамият, одатдагидек, кескин баёнотлар билан чекланмоқда. Австралия, Буюк Британия ва Франция каби давлатлар Фаластин суверенитетини тан олиш йўлидаги сиёсий қадамлари ҳақида эълон қилди, бироқ амалий босим чоралари сустлиги сабаб, вазият тубдан ўзгариши кузатилмаяпти. Кўплаб инсон ҳуқуқи муҳофазасига ихтисослашган ташкилотлар эса Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини халқаро ҳуқуқ қўпол бузилиши сифатида баҳолаб, БМТ ҳамда етакчи давлатларни кескин қарорлар қабул қилишга чақиряпти.
ЎзАнинг бугунги суҳбатдоши, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори, Жаҳонгир Акрамов таъкидлаганидек, Фаластиннинг келажаги икки давлатли ечим қайта тикланиши, ички сиёсий бирлик таъминланиши ва барқарор халқаро кафолат ўрнатилишига боғлиқ. Бунинг учун бутун жаҳон ҳамжамияти бирдек муаммога масъулият билан ёндашиши лозим.
Фаластин фожиаси бугун нафақат Яқин Шарқ, балки инсониятнинг “виждон синови”га айланган. Қуруқ баёнотлар ўрнини аниқ ва қатъий чоралар эгалламас экан, ҳолат ўнгланмаслиги мумкин.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/sLMl2JcK1CE" title="Cho‘kayotgan Falastin – Quruq gap bilan ovunayotgandunyo hamjamiyati" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мусулмон Зиё,
Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА