Ҳар доим ишдан қайтар чоғим Мустақиллик майдони ёки Амир Темур хиёбонида юрган хорижлик сайёҳларни кўриб, ҳавасим келади. Айниқса, елкасига фотоаппарат осиб олган кекса авлод вакиллари қалбимда алоҳида ҳурмат уйғотади. Улар ҳар бир қадамда одоб-ахлоққа риоя қилади. Баланд овозда бақириб ёки атрофдагиларни хижолатга қўймайди. Қолаверса, суратга тушишда ҳам тартиб билан, бир-бирини кутган ҳолда ҳаракат қилади. Бу ҳолат менга бир ҳақиқатни англатади: саёҳатчи учун энг муҳим қоида — бу саёҳат маданияти.
Саёҳат – фақат дам олиш эмас. У билим олиш, тажриба орттириш ва яхши таассурот қолдириш имкони. Бироқ, афсуски, ҳамма ҳам бу маданиятни тўла англайвермайди.
Яқинда Грузияга уюштирган сафаримда бу фикрга яна бир бор амин бўлдим. Саёҳатимизнинг илк кунларидаёқ баъзи ҳамюртларимиз тартибсизлиги билан ҳаммани қийнаб қўйди. Масалан, гуруҳ билан ҳаракат қилаётганда иккита одам ҳамиша орқада қолиб кетар ёки белгиланмаган йўлга бурилиб, барчани куттирарди. Улар ёш бола эмас, салкам олтмишга яқин инсонлар эди. Охири гид ҳам сабри тугаб, уларга қаттиқ танбеҳ берди.
Кейинги манзилимиз Боржомида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар такрорланди. Овқатдан норози бўлиб, ошхонада бақириб чақирганлар бўлди. Автобусда эса нос чекувчилар дилни хира қилди.
Батумида эса яна янги саргузаштлар бошланди. Белгиланган вақтда йиғилишга келиш ўрнига, баъзилар саёҳатдан бутунлай бош тортди. Натижада гуруҳнинг умумий режаси бузилди. Энг ёмони, аэропортдаги манзара бўлди. Чегарадан олиб ўтмаслик керак бўлган буюмларни сотиб олган саёҳатчилар бир неча соат тўхтатиб қўйилди.
Буларнинг барчаси шундай хулосага олиб келди: айрим инсонлар учун саёҳат – фақат ўз манфаатини қондириш воситаси. Улар учун борган мамлакатнинг урф-одатлари, тартиб-интизоми ва ҳатто атрофдагиларнинг вақти ҳам аҳамиятсиздек туюлади. Аммо бундай ҳолатлар нафақат шахсий обрўга, балки бутун миллат юзига доғ туширади.
Саёҳат маданияти – бу аввало тарбия ва масъулият масаласи. У одамларнинг ички дунёси, умумий савияси ва маданий даражасини кўрсатади. Агар биз ҳар бир саёҳатни фақат таассурот учун эмас, балки ўзимизни тўғри намоён қилиш имконияти сифатида қабул қилсак, шундагина бошқаларда яхши фикр қолдирамиз.
Чунки саёҳатчи – у фақат шахсий йўловчи эмас. У бутун миллатнинг юзини намоён этувчи элчи ҳам.
Нигора Раҳмонова, ЎзА