Бугун, 20 август куни Колумбияда ўсмирлар (U-16) ўртасида давом этаётган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 6-турида Ўзбекистон терма жамоаси россиялик ёш шахматчилардан ташкил топган “FIDE-2” жамоаси билан куч синашади.
45 та мамлакатнинг 90 та жамоаси иштирок этаётган нуфузли мусобақанинг кеча ўтказилган 4 ва 5-тур баҳсларида вакилларимиз “Қозоғистон-2” ва Россиянинг “FIDE-1” жамоасига қарши дона сурди.

Ҳамюртларимиз 4-турда қозоғистонлик тенгқурларини 3:1 ҳисобида енгган бўлса, 5-турда “FIDE-1” жамоасига 0,5:3,5 кўринишида имкониятни бой берди.
Мазкур учрашувда Муҳаммадзоҳид Суяров Иван Землянский билан дурангга имзо чеккан бўлса, Ҳумоюн Бекмуродов Савва Ветокинга, Асроржон Омонов Артём Усковга, Афруза Ҳамдамова Анна Шухманга очко тақдим этди.
Ортда қолган 5 та тур ўйинларидан кейин Ўзбекистон терма жамоаси 4 ғалаба ва 1 мағлубият билан 8 очко жамғарган ҳолда қўшимча кўрсаткичлар эвазига 5-ўринда бормоқда. Ҳиндистон ва “FIDE-1” жамоалари 10 очко билан пешқадамлик қилмоқда. 3-ўринда 9 очкога эга “FIDE-2” жамоаси, 4-ўринда ҳамюртларимиз сингари 8 очко жамғарган “Қозоғистон-2” жамоаси жойлашган.

Шунингдек, Грузия, “Куба-1”, Канада, Хитой, “Перу-1” жамоалари ҳисобида ҳам 8 очкодан мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, 9 та турдан иборат Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўйинлари 23 августга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА