Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 20-тури 20-23 август кунлари бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган эдик. Ушбу турнинг илк кунида “Шўртан” – “Навбаҳор”, “Сўғдиёна” – “Динамо” жамоалари ўзаро рақобатлашади.
Турни бошлаб берувчи “Шўртан” – “Навбаҳор” учрашуви ҳақида айрим маълумотларни эътиборингизга ҳавола қилсак. Бугун соат 19:00 да Ғузор шаҳридаги “Марказий” стадионида бўлиб ўтадиган ушбу ўйиндан олдин жамоалар 25 маротаба тўқнаш келган. Уларнинг 13 тасида “Навбаҳор” ғалаба қозонган, 4 учрашув дуранг билан якунланган, 8 та баҳсда эса “Шўртан” зафар қучган. Тўплар нисбати – 40/34 - “Навбаҳор” фойдасига.

Ушбу клублар ўртасидаги ўйинларда наманганликларнинг энг йирик ҳисобдаги ғалабаси 4:0 бўлиб, 2010 йилги мавсумда ўз майдонида қайд этилган. Ғузорликларнинг “Навбаҳор” устидан қозонган энг йирик ғалабаси ҳам айнан 4:0 бўлиб, бу натижа ҳам 2010 йилда “Шўртан”нинг ўз майдонида қайд этилган.
Эътиборлиси шундаки, жорий мавсумнинг биринчи даврасида Наманганда бўлиб ўтган баҳсда мезбонлар Игор Габриэл (45+3) ва Аббосжон Ғуломов (90+7) томонидан киритилган голлар эвазига 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди.

Айни дамда Суперлига жадвалида “Шўртан” 10 очко билан сўнгги ўринда бораётган бўлса, “Навбаҳор” 31 очко билан 7-поғонадан жой олган.
Энди эса Жиззахда бўлиб ўтадиган “Сўғдиёна” – “Динамо” учрашуви ҳақида тўхталиб ўтамиз. Ушбу жамоаларнинг миллий чемпионатдаги ўзаро учрашуви ҳозирча 45 тани ташкил этмоқда. Мазкур учрашувларнинг 19 тасида “Динамо” ғалаба қозонган бўлса, 17 марта имкониятни бой бериб қўйган ва 9 ўйинда дуранг қайд этган.
“Сўғдиёна” ўтган баҳсларда ўз дарвозасидан 64 маротаба тўп олиб чиққан бўлса, рақибга 51 та гол урган. Чемпионатда “Динамо” 37 очко жамғариб, учинчи ўринни банд этган. “Сўғдиёна” 20 очкога эга бўлиб, 11-ўринда бормоқда.
Қуйида миллий чемпионатимизнинг 20-туридан ўрин олган бошқа учрашувлар рўйхати билан танишасиз:
21 август, пайшанба: “Нефтчи” – “Машъал”, “Бухоро” – “Қўқон-1912”;
22 август, жума: “Андижон” – “Пахтакор”, “Қизилқум” – “Бунёдкор”;
23 август, шанба: “Сурхон” – “Насаф”, “ОКМК” – “Хоразм”.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА