Остона шаҳрида “Умумий тарихий-маданий мерос – ҳамкорликнинг янги уфқлари” мавзусида Ўзбекистон ва Қозоғистон илмий-ижодий зиёлиларининг биринчи форуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон парламенти делегацияси ҳам иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Сенат Раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон ва Қозоғистонни нафақат умумий манфаатлар, балки чуқур тарихий, маданий ва маънавий илдизлар боғлаб турганини таъкидлади.
Мамлакатлар раҳбарлари – Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тоқаевнинг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар, жумладан, гуманитар ва маданий алоқалар тобора мустаҳкамланмоқда.

Форумда буюк мутафаккирлар, шоир ва олимлар, файласуфлар меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Остона шаҳрида Алишер Навоийга, Тошкентда эса Абай Қўнонбоевга ҳайкаллар ўрнатилган. Ўзбекистонда Абай таваллудининг 180 йиллигига бағишланган хотира тадбирлари ўтказилгани икки давлат ҳамкорлигининг ёрқин намунасидир.
Илм-фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масаласи ҳам муҳокама этилди. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон ва Қозоғистон олий таълим муассасалари ўртасида 280 дан ортиқ шартнома ва меморандум имзоланган. Қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилган.
Таълим кунлари ва университет ярмаркалари ўтказилаётир. Ўзбекистонда қозоқ тилида мутахассислар тайёрланади ва 400 дан ортиқ мактабда қозоқ тили ўқитилади.

Ўзбекистон парламенти маданий ва илмий ҳамкорликка қаратилган қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаши, бу йўналишда зарур қонунчилик ва ташкилий шарт-шароитлар яратилиши таъкидланди.
Форум доирасида иштирокчилар янги шароитларда маданий туризм ва креатив индустрияни ривожлантириш, ёшларни фаол жалб этган ҳолда фестиваллар, кўргазмалар, кинофорумлар ва бошқа гуманитар тадбирларни ўтказиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Форум Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, янги лойиҳаларни муҳокама қилиш ва икки мамлакат зиёлилари ўртасида фикр алмашиш учун муҳим минбарга айланди.
Форум доирасида икки халқнинг буюк шоирлари, рассомлари ва олимларининг илмий ҳамда ижодий меросидан намуналар кўргазмаси ташкил этилди. Ўзбек муаллифлари томонидан тайёрланган тарихга оид китоблар тақдимоти ўтказилди.
Н.Абдураимова, ЎзА