Бухоро вилоятида жорий йилнинг 15-17 август кунлари мустақиллигимизнинг 34 йиллиги муносабати билан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида “Умуммиллий бирдамлик фестивали” бўлиб ўтди.
Фестиваль мамлакатда миллатлараро тотувлик ва ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлаш, ёшларда ватанпарварлик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва фидойилик каби эзгу фазилатларни юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кунда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг негизида халқ фаровонлигини таъминлаш ва миллий бирдамликни мустаҳкамлаш мақсади ётибди.
Фестиваль Ғиждувон туманидаги Абдухолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳига ташриф билан бошланди. Тиббиёт техникумида “Маслаҳат оши” лойиҳаси доирасида ўтказилган миллий урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш, уларни замонавий ҳаёт талабларига мослаштириш, исрофгарчиликнинг олдини олиш, оилавий маросимлар маданиятини юксалтиришга қаратилган очиқ мулоқотлар ташкил этилди. “Баркамол авлод” болалар мактабида ўтказилган “Инсон қадри” лойиҳаси эса ёшларни касбга йўналтириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва эҳтиёжмандларга кўмак бериш орқали жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Ғиждувон туманидаги 10-сон мусиқа ва санъат мактаби ҳамда “Малика Султон” зардўзлик марказида ташкил этилган “Дилдаги гаплар” лойиҳаси ёшларнинг психологик саводхонлигини ошириш, ўз устида ишлаш маданиятини шакллантириш ва ҳаётий сабоқлар билан бойитишга қаратилди.
Фестивалнинг иккинчи куни Бухоро шаҳридаги Президент мактабида “Бахтли болалик шарафига”, шунингдек, Вобкент туманида “Фаровон ҳаётга илк қадам” лойиҳалари доирасида ташкил этилган тадбирлар билан давом этди. Ушбу лойиҳалар ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва келажакка ишончини янада оширишга хизмат қилди. Тадбирлар Давлат мадҳияси садоси остида тантанавор бошланди. Шу куни Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида нуроний отахон-онахонлар иштирокида “Маслаҳат оши” тадбири ҳам ўтказилди. Қоракўл туманидаги маданият ҳамда “Малика Султон” зардўзлик марказларида ўтказилган “Дилдаги гаплар” лойиҳаси доирасида ташкил этилган очиқ мулоқот ва амалий машғулотлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Фестиваль доирасида Бухоро давлат университетида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” шиори остида тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод, университет профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар иштирок этди. У ерда мустақиллик шукронаси, тинчлик неъмати ва Янги Ўзбекистондаги улкан ислоҳотлар ҳаётий мисоллар билан тушунтирилди. “Кўҳна ва боқий Бухоро” мажмуасида эса Ўзбекистон халқ артистлари, таниқли профессорлар, шоир ва ёзувчилар, актёрлар, хушовоз хонандалар ҳамда ёш ижодкорлар иштирокида гала-концерт дастури ва турли маънавий-маданий, спорт тадбирлари ўтказилди. Бу тадбирлар барча иштирокчиларга хуш кайфият бағишлади.
Фестивалнинг учинчи куни ҳам мазмунли ўтди. Когон тумани 1-сон жазони ижро этиш муассасасида “Инсон қадри” лойиҳаси доирасида Тошкентдан келган санъаткорлар, ёзувчилар ва маърифат тарғиботчилари жамияти аъзолари маҳбусларга яратилган шароитлар билан танишиб, кутубхона фондига китоблар совға қилди. Бухоро туманида жойлашган 28803-ҳарбий қисмда “Шижоат” лойиҳаси доирасида ҳарбийлар иштирокида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Фестивалда юртимизнинг таниқли зиёлилари, жумладан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, социология фанлари доктори, доцент Сухроб Хидиров, Ўзбекистон халқ артистлари Одина Ғозиева (Нарзуллаева) ва Мансур Тошматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Рўзметов, шоир Бобур Бобомурод, шоиралар ва маданият ходимлари фаол иштирок этди.
–Бугунги тадбир мустақиллик йилларида жамиятимизда юз берган ижобий ўзгаришларнинг ёрқин ифодаси бўлди, – Профессор Жамила Шермуҳаммедова. – Фестиваль орқали биз халқимиз бирдамлигини, маданий меросимизни ва маънавий бирликни ҳис қилдик. Хонанда Мафтуна Тўраева ижросидаги куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият улашди.
[gallery-24831]
Умуммиллий бирдамлик фестивали замонавий Ўзбекистон фуқароларида ватанпарварлик, инсонийлик, миллий ғурур ва меҳр-оқибат каби қадриятларни янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу тадбир ёшларда миллий ва маънавий уйғунликни шакллантириш, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик руҳи билан яшашга даъват этишда ўзига хос платформа вазифасини ўтаяпти.
Бу фестиваль — нафақат маданий-маърифий тадбирлар мажмуаси, балки Янги Ўзбекистон тараққиётида бир ёқадан бош чиқариб, биргаликда ҳаракат қилиш зарурлигини эслатувчи жонли майдондир.
Дилором Ғаффорова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Шофиркон туман бўлинмаси раҳбари