“Uzagrostar xolding” компанияси ва “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг миллий брендини яратиш: экспорт салоҳиятини оширишда янги босқич” мавзусидаги матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 февралдаги “Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда
“Uzagrostar xolding” компанияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда томорқачилик ва деҳқончиликни ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб бергани таъкидланди.
[gallery-24822]
–Мазкур фармон ва қарор асосида Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича Кенгаш, “Uzagrostar xolding” компанияси ва унинг муассислигида 16 та ихтисослашган компания ташкил этилди, – дейди “Uzagrostar xolding” компанияси директори Фазлиддин Муҳиддинов. –
Ҳар бир филиал маълум қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ихтисослашган ва улар 16 та базавий ҳамда 54 та қамраб олинган туманларда фаолият олиб бормоқда. “Uzagrostar xolding” компаниясининг асосий вазифаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг миллий брендини яратиш ва экспортини ривожлантириш ҳисобланади. Бунинг учун фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилмоқда.
Компания уларга тупроқ таҳлилидан тортиб, экспортгача бўлган барча жараёнларда яқиндан кўмак бермоқда. Ўтган давр мобайнида ҳудудий филиалларга бириктирилган туманларда 101 минг гектар ер майдонида ихтисослашган маҳсулотлар экилиши таъминланди. 16 та Агростар компаниялари томонидан 693 гектар ер майдонида қиймати 608 миллиард сўмлик 20 та замонавий инновацион лойиҳа амалга оширилиши белгилаб олинган. Ҳозирда 8 та лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланган.
Соҳага илғор хорижий ва маҳаллий таълим муассасалари, юқори малакали агроном, технолог, маркетолог, уста-деҳқонларни жалб этиш бўйича Янгийўл, Қўшработ, Қува, Беруний, Булунғур, Олтиариқ, Асака, Денов, Тошкент ва Мирзачўл Агростар ихтисослашган компаниялари томонидан 15 нафар хорижий мутахассис билан шартномалар имзоланиб, агроконсультант сифатида ишга олинган.
Ҳозирда “Uzagrostar xolding” компанияси Туркиядан 7 нафар, Япония, Беларусь, Польша, Сербия, Хитой, Италия, Тунис ҳамда Франция давлатларидан 1 нафардан жалб қилинган мутахассислар билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
–Агростар компаниялари томонидан 7 та ихтисослашган компания ва лойиҳа офисларида Томорқа мактаблари фаолияти йўлга қўйилди, –дейди “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ биринчи ўринбосари Ойбек Воҳидов. – Хусусан, “Янгийўл – Агростар” ҳамда “Асака – Агростар” ихтисослашган компанияси томонидан Томорқа мактаби, “Олтиариқ – Агростар” ихтисослашган компанияси томонидан эса Узумчилик мактаби ташкил этилди.
Аҳоли учун арзон ва сифатли транспорт хизматларини кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадида 8 та ихтисослашган компания томонидан узоқ муддатли лизинг асосида умумий қиймати 5,3 миллиард сўм бўлган 18 та юқори унумли, замонавий қишлоқ хўжалиги транспорт воситалари харид қилинди.
Матбуот анжуманида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБга бириктирилган “Янгийўл – Агростар” МЧЖ фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва уларнинг дастлабки амалий натижалари ҳақида ҳам ахборот берилди.
Тадбир давомида журналистлар ва жамоатчилик вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Шаҳноза Маматуропова,
О.Пардаев (сурат),
ЎзА