Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов "Афросиёб" поездига "Uztelecom" томонидан ўрнатилган Wi-fi тизими ва унинг имкониятларини шахсан ўзи синаб кўрди.
"Яқинда Бухорога поездда бориб-келишда эътибор қилсам, ҳали ҳам кўпчиликни Uztelecom Wi-Fi хизматларини ишга туширганидан хабари йўқ экан", – деб ёзади вазир ўз саҳифасида.
Рақамли технологиялар вазири шахсан текшириб келиш ниятида Youtube да https://www.youtube.com/@magiya_znaniya каналидаги фойдали китобларни яхши тушунтириб берган видеоларни кўриб келганини маълум қилди.
"Президентимиз доим ўқиш, илм ўрганиш ҳақида таъкидлаб борадилар, ҳатто кечаги спорт объектларига ташриф давомида ҳам жуда кўп айнан ўқишга ва илмга эътибор қаратдилар. Кўпчилик иш кўп, ўрганишга вақт топиш қийин деб баҳона қилишга ўтади, энди эса поезддаги сафарда ҳам бемалол фойдали билимларни ўрганиб борса бўлади", дейди вазир.
Шунингдек, Ш.Шерматов транспорт вазирлигига поездларни ичига қўшимча ускуна қўйишга тегишли рухсатларни олишга ёрдам беришгани учун миннатдорчилик билдирган ва келгусида харид қилинадиган янги поездларнинг ичидаги тегишли телекоммуникация ускуналари билан олинишига умид қилишини айтган.
"Тез ҳаракатланадиган ва метал кўп ишлатилган вагонларда ташқаридаги алоқа сигналлари абонентларга етиб боришида муаммо бўлади, шунинг учун уларни ичида тегишли қурилма ўрнатилиши шарт", дейди вазир.
ЎзА