Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24-25 июнь кунлари Мўғулистонга қилган олий даражадаги расмий ташрифлари давомида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида бир қатор келишувларга эришилган эди. Шулардан бири чорвачилик йўналишида бўлиб, куни кеча Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов бошчилигидаги Ишчи гуруҳ Мўғулистонга хизмат сафарида бўлди.
Хизмат сафари давомида дастлабки босқичда Мўғулистондан минг бош “Баяд” зотли қўйларни Навоий вилоятида кўпайтириш учун Ўзбекистонга авиатранспорт орқали юборилди.
Октябрь ойи якунига қадар тизимли равишда 60 та рейсда 50 минг бош, ноябрь-декабрь ойларида 50 минг бош, жами 2025 йил якунига қадар 100 минг бош қўйларни юртимизга олиб келиш юзасидан чоралар белгилаб олинди.
Шунингдек, Мўғулистон Бош вазири ўринбосари С.Амарсайхан билан музокаралар ўтказилиб, қўй ва эчкиларни экспорт қилишда давлат божини 18 доллардан 7 долларга тушириш бўйича келишувга эришилди.
Хизмат сафари давомида Мўғулистоннинг “Jargalant Sheep”, “West Point”, “Marble Meat” корхоналари раҳбарлари билан музокаралар олиб борилиб, юбориладиган қўйларни етказиб бериш бўйича юртимизнинг 40 дан ортиқ фермер хўжаликлари ўртасида шартномалар имзоланди.
Шунингдек, Мўғулистоннинг 27 та гўшт ишлаб чиқарувчи қушхоналари ва ўзбекистонлик тадбиркорлар ўртасида кооперация ташкил этилди. Бу орқали келгуси йилда Ўзбекистонга гўшт импорти 3 баробарга оширилиб, 3 минг тонна арзон ва сифатли гўшт етказиш чоралари белгилаб олинди.
Айтиш керакки, юртбошимиз ташаббуси билан бошланган ушбу саъй-ҳаракатлар аввало бозорларимизда аҳоли севиб истеъмол қиладиган гўшт маҳсулотларини арзонлаштириш, маҳаллий қўйларнинг наслини яхшилаш ва келгусида ушбу давлатдан гўшт маҳсулотларини олиб келишда тадбиркорларимиз учун қулайлик яратиш ва бу жараёнларни тизимли йўлга қўйиш бош мақсад қилинган.
Мўғулистондан чорва маҳсулотларининг кириб келиши ҳақидаги хабар бозорларимизга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Хўш, бугун бозорларимизда гўштнинг нархи қанча? Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида “Эски Жува деҳқон бозори” сари йўл оламиз.
Бозор расталарини айланар эканмиз Жиззахдан келтирилаётган гўшт маҳсулотлари арзонлаганининг гувоҳи бўлдик.
Мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрами арафасида, айниқса халқимизга арзонлаштирилган чорва маҳсулотлари катта миқдорда, тизимли етказиб берилаётгани бозордаги нархларга ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Шу билан бирга хориждан келтирилаётган гўштнинг ўртача нархи 50-75 минг сўмдан тўғри келяпти. Масалан, статистик маълумотларга кўра ўтган йили қўй ва мол гўшти салкам 50 минг тонна четдан импорт қилинган. Бу ўртача 200 минг долларни ташкил этади. Жорий йилнинг ўтган даврида хориждан қиймати 350 минг доллардан зиёд бўлган 95 минг тоннадан ортиқ қўй ва мол гўшти келтирилган. Мазкур рақамларга консерваланган маҳсулотларни киритмадик.
Жорий йилнинг 30 январь куни давлатимиз раҳбарининг “Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш ҳамда ветеринария ва чорвачилик соҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва қарори қабул қилиниши билан соҳада кенг кўламли ислоҳотлар бошлаб юборилди.
Мазкур Фармон билан Ипакчилик қўмитаси фаолияти тугатилиб, унинг 15.8 млн гектарлик яйлов ер майдонлари Ветеринария чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига ўтказилди.
Шу ўринда таъкидлаш лозим, Президентмизнинг яна бир қарори билан чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига
2 миллион сўм, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорида маблағ ажратиладиган бўлди.
Чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш учун 470 минг гектардан зиёд майдон ажратилди. Уларда асосан беда, силос ва маккажўхори, хашаки лавлаги ҳамда бошқа озуқа экинлари жойлаштирилди.
Хуллас, соҳада йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни илмий ёндошган холда чуқур ўрганиш ва чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича ҳуқуқий база мустаҳкамланди. Ушбу ҳужжатлар орқали соҳа олимлари олдига ҳам катта вазифалар қўйилди. Бу чорва наслини яхшилаш, нафақат чорвачилик фермалари, балки аҳоли хонадонларида боқилаётган қўй ва қорамолларнинг вазнини ва наслини яхшилашга қаратилган тизим яратилди. Чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш, халқаро тажрибаларни ўрганиш ва чорвадорларимизга энг маъқулларини тадбиқ этиш каби ўнлаб йўналишларни қамраб олган яхлит механизм тадбиқ этилмоқда.
Умуман олганда бугун республикамиз аҳолиси сони йилдан-йилга ўсиб бораётган бир пайтда, оқсилга бой гўшт маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳажмининг оширилиши ҳаётий заруратдир ва бу масала бежизга давлат сиёсати даражасига кўтарилмаган. Чунки, юртмизда етиштирилаётган гўшт маҳсулотларидан нафақат халқимиз, балки хориждан келаётган миллионлаб сайёҳлар ҳам баҳраманд бўлмоқда. Зеро, улар томонидан осори-атиқаларимиз билан бирга гастрономик туризмга ҳам катта эътибор қаратилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/_SQDyzv33Oo?si=OarHAZRZULd0sVrN" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов
Дониёр Якубов
Улуғбек Тўхтаев, ЎзА