Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.
— Бугунги кунда давлат органлари мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш ягона қонунчилик ҳужжати билан тартибга солинмаган, — деди депутат А.Бўриев. — Хусусан, бугунги кунда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ўндан ортиқ қонунлар ва қонуности ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Мазкур қонун лойиҳаси билан етказилган зарарнинг ўрнини компенсация қилиш, ҳудудий компенсация жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилган маблағларни кейинчалик айбдор деб топилган давлат органининг мансабдор шахсидан тўлиқ миқдорда регресс тартибида ундириб олиш, ҳудудий компенсация жамғармаси маблағларини шакллантириш тартиби белгиланмоқда. Яъни, жисмоний ёки юридик шахсга етказилган ҳамда суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган моддий ва (ёки) маънавий зарарнинг ўрнини қоплашда ягона амалиёт йўлга қўйилиб, етказилган зарар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий компенсация жамғармаларидан қопланади. Кейинчалик айбдор шахсдан тегишли давлат органи орқали регресс тартибида ундириб олинади.
Ушбу ҳужжат фуқароларнинг давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши тўғрисидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда айбдор мансабдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортишни назарда тутади, — деди депутат.
Шунингдек, маърузачи депутат қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берди. Депутатларнинг таклиф ва тавсияларидан келиб чиқиб, айрим норма ва моддалар қисқартирилгани, лойиҳа янада такомиллаштирилганини қайд этди. Айрим нормалардаги номувофиқликлар бартараф этилиб, асосий тушунчалар юридик техник жиҳатдан таҳририй қайта кўриб чиқилганини маълум қилди.
Моддама-модда муҳокамаларда халқ вакиллари бир қатор аниқлаштирувчи саволларни ўртага ташладилар. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда ҳам қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА