Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда бир қатор қонун лойиҳалари ҳамда парламент назорати фаолиятига доир масалалар муҳокамаси кун тартибига қўйилган.
Мажлис аввалида Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов куни кеча давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрида қуриб битказилган "Олимпия шаҳарчаси", Юқори Чирчиқ туманидаги Миллий футбол маркази фаолияти ҳамда янги туризм инфратузилмаси объектлари билан танишганига тўхталиб ўтди.
— "Олимпия шаҳарчаси"нинг қурилишига 2022 йил 9 ноябрда тамал тоши қўйилган вақтда давлатимиз раҳбари бу шаҳарча халқимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳияти ва ўзбек спортининг оламшумул ютуқлари рамзига айланиши, меъморий жиҳатдан мукаммал, энергия тежамкор ва энг илғор инновацион ечимларни мужассам қилган замонавий мажмуа бўлишини таъкидлаган эди. Қисқа вақт ичида 100 гектардан зиёд майдонда муҳташам мажмуа қад ростлади, унда спортчиларимиз учун барча шароитлар яратилди.
[gallery-24848]
Шаҳарчани кўздан кечириш давомида давлатимиз раҳбари бир гуруҳ спортчилар билан ҳам учрашиб, мулоқот қилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, спорт соҳасидаги ишларни янада жадаллаштириш, спортчиларимизнинг ютуқлари бардавомлигини таъминлашда парламентимиз вакиллари соҳадаги қонун ҳужжатларини бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириши керак бўлади. Шунингдек, соҳадаги масъулларнинг ахборотини эшитиш, парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиш лозим бўлади, — деди Спикер.
Шунингдек, Спикер тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларга тўхталиб, Президент фармони билан бир гуруҳ тадбиркорлар қатор давлат мукофотлари ва “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланганини эътироф этди. Шу билан бирга, депутатларнинг ҳудудлардаги фаолияти давомида тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказаётгани, тадбиркорлар манфаатига алоҳида эътибор қаратилаётганига урғу берди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА