“Янги Ўзбекистон” боғида илк бор муҳандислик ва робототехника йўналишида тарихий воқеа содир бўлди. Юртимиз ёшлари томонидан дунё миқёсидаги рекорд янгиланиб, Ўзбекистон номи Гиннеснинг рекордлар китобига ёзилди.
Бу нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё давлатлари орасида илқ бор муҳандислик соҳасидаги йирик Гиннес рекорди ҳисобланади. Ҳозирга қадар Ўзбекистонда бу йўналишда Гиннес рекорди қайд этилмаган эди.

Тадбирда 2 минг нафар ёш муҳандис бир вақтнинг ўзида 25 дақиқада 1 минг 946 та мини-роботни ясаб, ҳаракатга келтирди. Ушбу миссия юртимизнинг илм-фан ва муҳандислик соҳаларидаги имкониятларини намоён этибгина қолмай, ёшларимизда миллий фахр туйғусини уйғотди.
Айтиш керакки, Гиннес рекордлар китобида робототехника соҳасида 351 та турли йўналишдаги рекордлар мавжуд. 2023 йилда Ҳиндистонда 1 минг 459 нафар ёшлар бир вақтнинг ўзида мини-робот ясаб, ҳаракатлантирган эди. Ўзбекистон ёшлари бу галги кўрсаткич билан дунёдаги энг йирик муҳандислик миссиясига эришди.

Ушбу миссия ёш муҳандислар учун Гиннес рекордини қўлга киритиш имкониятини бериши билан бирга, улкан тажриба, амалий билим ва жамоавий иш кўникмаларини ҳам тақдим этди. Бундай йирик лойиҳа доирасида қатнашган ҳар бир ёш ўз қобилиятига ишончни мустаҳкамлади, инновацион тафаккурини ривожлантирди ва келгусида глобал майдонда рақобатлаша оладиган мутахассис сифатида шаклланишга қадам қўйди. Бу уларнинг илмий изланиш ва муҳандислик фаолиятига бўлган қизиқишини янада кучайтириб, мамлакатимизда янги авлод муҳандисларини етиштиришда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Ушбу тадбирда 2 минг нафар ёш ўз иштироки билан бутун республика ёшларининг бирдамлигини намоён этдилар. Мисол учун, миссияни амалга оширишдан олдин барча 2 минг нафар иштирокчи бир вақтнинг ўзида давлат мадҳиясини жонли хор тарзида ижро этди. Бу лаҳза ёшлар қалбида миллий фахр ва юртга садоқат туйғусини янада кучайтирди.

Бу Гиннес рекордининг яратилиши, айни пайтда, Мустақиллик байрами арафасида ёш муҳандислар томонидан юртимизга берилган тўйона бўлди. Мустақиллик байрамимиз остонасида қўлга киритилган бу ғалаба халқимиз учун рамзий маънога эга бўлиб, ёш авлоднинг юрт равнақига қўшган муносиб ҳиссаси сифатида тарихда қолади.
Тадбир Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилди. Айтиш керакки, мазкур тадбирда ҳудудлардаги, Тошкент шаҳридаги олийгоҳлар, Президент таълим муассасалари агентлиги таркибидаги муассасалардан талаба ва ўқувчилар ҳамда имконияти чекланган ёш муҳандислардан иборат катта ижодий жамоа фаол қатнашди.
Ушбу тадбирнинг энг аҳамиятли жиҳатларидан бири шундаки, имконияти чекланган ёшларимиз ҳам ўз иқтидор ва салоҳиятини намойиш этиб, аслида имкониятлари чекланмаганини исботладилар.

Тадбирда Бутунжаҳон Гиннеслар рекорди ташкилотининг ҳаками Карл Савилле шахсан иштирок этди. У роботлар ясаш жараёнини назорат қилиб, натижани расман эълон қилди.
25 дақиқа ичида ёш муҳандисларимиз томонидан яратилган роботлар махсус тартибда текширилди ва тадбир бош ҳаками томонидан расман тасдиқланди. Шундан сўнг, Гиннес рекорди янгилангани тўғрисидаги сертификат тантанали равишда олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шариповга топширилди. Шу тариқа, Ўзбекистон тарихида илк бор муҳандислик соҳасида Гиннес рекорди ўрнатилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/oDMxuH1DiGc" title="O‘zbekiston yoshlari muhandislik sohasida Ginnes rekordini o‘rnatdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Усмонова, ЎзА