Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев билан учрашуви бўлиб ўтди.
Сенат ахборот хизматидан хабар беришларича, учрашув чоғида парламентлараро алоқаларни ривожлантириш нуқтаи назаридан Қозоғистон-Ўзбекистон стратегик шериклиги ва иттифоқчилигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Президент Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раисини самимий қутлар экан, унинг Остонага ташрифи Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик муносабатларнинг ўзига хос хусусияти яққол тасдиғи эканини таъкидлади.
Қосим-Жомарт Тоқаев Танзила Норбоеванинг икки халқ ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини юқори баҳолади.

–Сизнинг ташрифингиз мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан жуда муҳим. Биз қардош Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратамиз. Бу Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда жуда муҳим омил, деб ҳисоблаймиз.
Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар қанчалик яхши, яқин ва самарали бўлса, умуман минтақадаги вазият шунчалик тинч бўлади. Сизнинг ташрифингизга келсак, буни муносабатларимизнинг ўта муҳим элементи бўлган парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳақиқатдан ҳам муҳим, деб биламан, – деди Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев.

Ўз навбатида, Танзила Норбоева Қосим-Жомарт Тоқаевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказди.
– Давлатимиз раҳбари сизга ўзининг илиқ саломини йўллади ҳамда олиб бораётган ишларингизда улкан муваффақиятлар тилади. Ҳамкорликда эришилган келишувлар ижросини самарали таъминлашга биз, парламент аъзолари, доим ўз ҳиссамизни қўшамиз. Сиз айтганингиздек, Ўзбекистон учун Қозоғистон, Қозоғистон учун Ўзбекистон энг яқин, ишончли ҳамкордир, – деди Т.Норбоева.
Шунингдек, парламентлараро дипломатияни, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўз навбатида, Қосим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий тилакларини йўллади.
Н.Абдураимова,
ЎзА