АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида шахмат бўйича бошланган “Sinquefield Cup-2025” халқаро турнирининг илк турида Нодирбек Абдусатторов АҚШ вакили Левон Аронян билан рўбарў келди.
Оқ доналарда ҳаракатланган ҳамюртимизда ғалабага тенг дурангга эришиш имкони бор эди. Бироқ, 27, 34, 37 ва 39-юриш вазиятларидаги кичик хатоликлар, вақт тўғри тақсимланмагани охир-оқибат ўз сўзини айтди. Аронян 1-турда Нодирбекдан очко тортиб олишга муваффақ бўлди.

Бугун, 19 август куни мукофот жамғармаси 350 минг АҚШ долларидан иборат турнирнинг 2-турида Абдусатторов қора доналарда жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.

Айтиш лозим, "Grand Chess Tour"нинг якуний классик босқичи саналган мазкур мусобақанинг кеча ўтган 1-турида Гукеш ҳам Абдусатторов сингари очко йўқотди. У ҳамюрти Рамешбабу Праггнанадхага имкониятни бой бериб қўйди.

Эслатиб ўтамиз, 27 августга қадар давом этадиган халқаро турнирда ғолибликка эришган шахматчи 100 минг АҚШ долларини қўлга киритса, сўнгги 10-ўриндан жой олган иштирокчи 10 минг 500 АҚШ долларига эга чиқади.
Т.Рўзиев,
ЎзА