Остона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев билан учрашди.
Унда парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга доир кенг кўламли масалалар, шунингдек, сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва минтақавий соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатлари ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилгани таъкидланди. Парламентлараро муносабатлар ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама шаклда янги босқичга кўтарилди.

Марказий Осиё мамлакатларининг иккинчи Парламентлараро форуми якунлари ва Қозоғистон делегациясининг Парламентлараро Иттифоқнинг 150-ассамблеясидаги иштироки юқори баҳоланди.
Навбатдаги мажлис жорий йилнинг тўртинчи чорагида Ўзбекистонда ўтказилади. Унда икки мамлакат Сенатлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг фаолияти кўриб чиқилади.
Томонлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсад ва вазифалар амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси ҳамда Қозоғистон Республикаси Парламентининг шундай комиссияси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашув якуни бўйича парламентлараро мулоқотни чуқурлаштириш ва халқаро майдонда қўшма ташаббусларни илгари суришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” имзоланди.
Н.Абдураимова, ЎзА