Қарор ва ижро
Тошкент туманида жойлашган “Олтин тепа” сув кўтариш иншооти фойдаланишга топширилди. Президентимизнинг 2017 йил 3 мартдаги “Осиё Тараққиёт Банки иштирокида “Тошкент вилоятининг шаҳар ва туманларида сув таъминоти ва канализация тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш (1 босқич)” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига асосан амалга оширилган ушбу ташаббус ҳудуд аҳоли учун мамлакатимиз Мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида катта совға бўлди.

Шу муносабати билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокими Сардорбек Эргашев, “Тошкент вилояти сув таъминоти” АЖ директорининг ўринбосари Аҳмад Эшпўлатов, Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова, туман кенгаши депутатлари, прокуратура ходимлари, нуронийлар, туман фаоллари, ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мазкур иншоотларнинг ишга туширилиши натижасида Олтинтепа, Шамсиобод, Дийдор, Кўҳинур, Кўксарой, Соҳибкор, Нурҳаёт, Заргар, Мажнунтол, Хиёбон ва Ободлик маҳаллаларининг умумий 45 минг нафарга яқин аҳолисини доимий ичимлик суви билан таъминлашга эришилди.

Илгари эса ҳудуд истеъмолчиларига ҳафтада 2 кун, унда ҳам соатлик режа билан ичимлик суви берилган. Ичимлик суви катта эҳтиёж бўлиб келаётган бир қатор маҳаллалардаги аҳоли учун энди 24 соат узлуксиз, сифатли ичимлик суви оқими кафолатланди. Мазкур “Олтин тепа” орқали ҳар бир хонадонга барқарор сув таъминоти кириб боришини кафолатлайди ва соғлом турмуш тарзига йўл очиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Муҳими, мазкур саъй-ҳаракатлар “Сув бор жойда ҳаёт бор”, деган ҳикмат бугун жонли ҳаётга айланиб, туманнинг марказидан узоқроқдаги манзилларда янги тараққиёт даври бошланди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай кўламдаги инфратузилма лойиҳалари туманда ҳали давом этади. Тошкент туманида инсон капиталини ошириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш ҳамда барқарор ривожланишни таъминлаш сари ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилади.
А.Мусаев,ЎзА.