Сирдарё вилоятида етиштирилаётган қовунлар тобора кўпроқ хорижий бозорларга чиқарилиб, халқаро майдонда ҳам муносиб ўрин эгаллаб бормоқда. Агар ўтган йилда вилоят қовунлари 12 та давлатга экспорт қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 17 тага етди. Бу эса маҳаллий деҳқон ва фермерлар меҳнати ўз самарасини бераётганидан, юртимиз маҳсулотларига бўлган талаб эса босқичма-босқич ортаётганидан дарак беради.
Жорий мавсумда вилоятда 11 минг 725 гектар майдонга қовун ва бошқа полиз маҳсулотлари экилиб, уларнинг аксариятида “оби новвот”, “кўкча”, “амири”, “чиллаки”, “оқуруғ” каби 30 дан ортиқ қовун навлари парваришланмоқда. Мазкур навлар нафақат мазаси, балки юқори сақланиш хусусияти билан ҳам ажралиб туради. Бугунги кунда Сирдарё қовунлари Австрия, Германия, Латвия, Литва, Норвегия, Польша, Беларусь, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Украина ва Швеция каби давлатларга йўналтирилмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида 184,5 тонна қовун учун ички фитосанитар сертификат, 3 654 тонна қовун учун эса 195 та халқаро фитосанитар сертификат расмийлаштирилган. Жумладан, қовунларнинг 267,5 тоннаси Германияга, 258 тоннаси Латвияга, 438,3 тоннаси Россияга, 2 448 тоннаси эса Қозоғистонга етказиб берилган.

Маҳсулот сифатини таъминлашда фитосанитар назорат муҳим аҳамиятга эга. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси инспекторлари майдонлардаги зарарли организмларга қарши мунтазам кураш олиб бормоқда.
– Қовунларимиз дунё бозорларида рақобатбардош бўлиши учун уларнинг соғломлиги биринчи ўринда туради, – дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Сардоба тумани бўлими давлат инспектори Раҳмонберди Абдураҳимов. – Бу йил туманда майдонларни мунтазам текшириб, зараркунандалар тарқалишининг олдини олиш учун биологик ва кимёвий усуллар уйғун қўлланди. Масалан, қовун пашшасига қарши феромон тузоқлар ва замонавий биопрепаратлардан фойдаланилди. Бундай тадбирлар ҳосилнинг сифатли ва экспортбоп бўлишини, энг муҳими — хорижий бозорларда юртимиз қовунларига нисбатан талабнинг юқори бўлишини таъминлайдли.

Экспорт жараёнида божхона тизимининг ҳам замонавий ва шаффоф тарзда ишлаши катта аҳамиятга эга.
– Бугун божхона тизими ҳам замон билан ҳамқадам. Экспортёрларимиз қовунни дунё бозорларига чиқаришда ортиқча қоғозбозликка вақт йўқотмаяпти. Илгаригидек тўққиз босқичдан ўтиш талаб этилмайди — барчаси уч босқичда ҳал бўлади, – дейди Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Алишер Ғоффаров. – Фақатгина шу орқали ярим йилда 25 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари тез ва шаффоф тарзда расмийлаштирилди. Бунда тадбиркор ортиқча вақт кетказиб, овора бўлмайди, ишлари осон битади. Энг муҳими, Сирдарё қовунларининг хушбўй ҳиди ва ёқимли мазаси энди Европанинг қатор бозорларида ҳам машҳур бўлмоқда
Ғулом Примов, ЎзА мухбири