Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида “Фермер хўжаликларида кўп тармоқли фаолиятни ривожлантириш муаммолари ва вазифалари” мавзусида амалий конференция бўлиб ўтди.
Тадбир ЎзЛиДеП етакчиси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши раҳбарияти ва республика фермер хўжаликлари вакиллари, ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши фаоллари ўртасида очиқ ва конструктив мулоқот майдонига айланди.
ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши ва Ўзбекистон Фермерлари кенгаши раиси Актам Ҳайитов ўз чиқишида давлатимиз томонидан қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларига тизимли равишда кўрсатилаётган ёрдамлар ҳақида тўхталди. Имтиёзли кредит, уруғ ва кўчат учун субсидиялар замонавий техника ва ҳосилни бозорга етказишда амалий кўмак ҳисобланади.
[gallery-24801]
– Сўнгги йилларда сабзавот ва полиз маҳсулотларини тўғридан-тўғри экспорт қилиш имкониятига эга бўлдик. Имтиёзли кредитлар туфайли замонавий томчилатиб суғориш тизими сотиб олинди. Ҳосил деярли икки баробар ошди, – дейди “Қониратбай Меҳри” фермер хўжалиги раҳбари Сарсенбай Айтмуратов.
Хўжайлилик фермер Тажийбеке Маткаримова эса фермерларни янги технологияларга ўқитиш бўйича давлат дастури унга иссиқхонада помидор етиштиришни йўлга қўйишга ёрдам берганини айтди.
–Илгари помидорни фақат очиқ майдонда етиштирардик ва мавсумга боғланиб қолгандик. Энди иссиқхоналарда йил бўйи ҳосил оламиз, уруғини ўзларимиз етиштириб бозорга ҳам чиқарамиз. Бу эса барқарор даромад олиш, янги иш ўринларини ташкил этиш ва қиш ойларида ҳам маҳсулот етказиб бериш имкониятини берди.
Энг фаол ва намунали фермер хўжаликлари раҳбарлари “Илғор фермер” кўкрак нишони билан тақдирлангани анжуманнинг ўзига хос жиҳати бўлди. Мукофотланганлар орасида ғалла етиштиришнинг инновацион усуллари билан танилган Элликқалъа тумани “Амиробод жайрони” фермер хўжалиги раҳбари Режепбай Авезов ҳам бор.
–Мен учун бу мукофот нафақат шараф, балки масъулият ҳамдир. Биз бошқаларга ўрнак бўлишимиз ва тажриба алмашишимиз керак, – дейди тажрибали фермер.
Мазкур анжуманда қишлоқ хўжалигида рақамли технологияларни жорий этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам алоҳида таъкидланди. Хусусан, agro.gov.uz платформаси орқали фермерлар учун ер ижараси, субсидиялар, уруғчилик, маҳсулотларни бозорга чиқариш ва сув ресурсларини бошқариш каби йўналишлар рақамлаштирилган. Бугунги кунда ушбу тизимлар орқали 3,2 миллион гектар ер назоратга олинган, 1,4 триллион сўм субсидия тақсимланган ва 843 минг деҳқон рақамли ижара тизимига жалб қилинган.
Ушбу рақамли ёндашувлар фермерлар фаолиятини енгиллаштириб, ишончли маълумотлар асосида қарор қабул қилиш имконини яратмоқда. 2025 йилдан бошлаб янги авлод инновацион платформалари – AgroMonitoring, AgroDocs, Hosil Qabul 2.0 каби лойиҳалар жорий қилиниши режалаштирилган, бу эса тармоқни янада шаффоф, самарали ва технологик ривожланган соҳага айлантириши кутилмоқда.
Йиғилиш якунида таъкидланганидек, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш — бу мамлакат аграр салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган устувор йўналишдир. Давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш, инновацион ечимлар ва фермерларнинг фаоллиги туфайли бугун қишлоқ хўжалиги соҳаси нафақат иқтисодий ўсиш манбаи, балки замонавий, рақобатбардош ва экспортбоп тармоқ сифатида шаклланиб бормоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА