Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Президент олимпиадаси”нинг иккинчи босқич мусобақалари қизғин давом этмоқда. Мусобақалар финали жорий йил декабрь ойида пойтахтимизда ўтказилишидан хабарингиз бор, албатта.
Мазкур мусобақанинг энг томошабоп йўналишларидан бири — бадиий гимнастика.
Мазкур спорт тури бўйича Бекобод шаҳрида бўлиб ўтган саралаш баҳслари юқори савияда ташкил этилди. Унда Ариана Бондарева, Мукаррам Сулаймонова ҳамда Сабина Эргашева ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Фарғона шаҳридаги беллашувларда томошабинларнинг самимий қўллаб-қувватлаши гимнастикачилар ҳаракатларига янада жозиба ва таъсирчанлик бахш этди. Ушбу мусобақада Маржона Акбаралиева, Гулёра Қодирова ҳамда Малика Абдулҳаева шоҳсупага кўтарилди.
“Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” ғояси асосида ўтказилаётган “Президент олимпиадаси” ёшлар ўртасида спорт маҳоратини ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ҳамда уларнинг келгусида юртимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилишига мустаҳкам замин яратмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА