Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ташаббуси билан мамлакатимиз ҳудудларида спорт мураббийлари, шифокорлар ва масъул ходимлар учун “Допингга қарши кураш” мавзусида 24 соатлик малака ошириш курслари ташкил этилмоқда.

Навбатдаги машғулотлар Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида бўлиб ўтди. Дастлаб, Термиз шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида 122 нафар мутахассисга антидопинг таълимоти бўйича зарур тушунчалар берилди.
Машғулотнинг иккинчи босқичи Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани ва Қарши шаҳрида давом эттирилди. Унда 135 нафар иштирокчига Бутунжаҳон антидопинг кодексида белгиланган спорт ташкилотларининг роли ва мажбуриятлари, допинг қоидабузарлик турлари, тақиқланган моддалар билан ишлаш тартиби, натижаларни бошқариш механизми ҳамда назорат жараёни ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Малака ошириш курсининг асосий мақсади спортда поклик ва адолатни таъминлаш, халқаро стандартларга мувофиқ билим ва кўникмаларни ошириш, шунингдек, допингга қарши курашишда самарали чора-тадбирларни кучайтиришдан иборат.
Машғулотлар якунида барча тингловчиларга сертификатлар тақдим этилди. Ушбу ташаббус орқали нафақат мутахассисларнинг малакаси оширилмоқда, балки спортда шаффофлик ва ишонч мустаҳкамланмоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА