Бугун, 18 август куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 19-турини "Хоразм" — "Қизилқум" жамоалари ўртасидаги ўйин якунлаб беради.
Куни кеча мазкур турдан ўрин олган учта учрашув ўтказилди. Унда "Қўқон-1912" ўз майдонида “Сурхон” клубини 2:0 ҳисобида таслим этди. Голларга Датси Клейди ва Жавоҳир Ҳусанов муаллифлик қилди. Шу тариқа, мезбонлар муҳим ғалабадан сўнг очколарини 18 тага етказиб олган бўлса, меҳмонлар 23 очко билан қолди.

“Машъал” ўз майдонида “Андижон” клуби устидан 1:0 ҳисобида зафар қучди ҳамда очколарини 18 тага етказди. Беллашувдаги ягона гол 41-дақиқада Ҳумоюн Муртазоев томонидан киритилди. Дарвоқе, водий клуби ҳисобида айни дамда 21 очко мавжуд.

Пойтахтимизда ташкил этилган “Бунёдкор” ва “Бухоро” жамоалари баҳси кескин ва муросасиз ўтди. Унда майдон эгалари 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Натижада “Бунёдкор” 34 очко жамғариб, тўринчи поғонадан жой олди. “Бухоро” эса 14 очко тўплаган ҳолда 15-ўринда бормоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА