Андижоннинг энг хушманзара гўшаси –Хонобод шаҳрида бўлиб ўтаётган “Дунё садолари” III халқаро миллий эстрада санъати фестивалининг чиройли ва тартибли ўтишини таъминлаш учун барча шароит яратилган.
Хусусан, овқатланиш шохобчалари, музқаймоқ ва салқин ичимликлар савдоси билан шуғулланувчи дўконлар куну тун аҳоли хизматида. Бундан ташқари, ички ишлар, тиббиёт ходимлари, ободонлаштириш тизими ишчилари ҳам фестивалнинг чиройли, тартибли ва кўнгилдагидек ўтишига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Биз ана шу соҳа вакилларидан айримлари билан суҳбатда бўлдик.
Илҳомжон Тошматов, Қорасув шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифокори:
–Шифокор ва ҳамширалардан иборат бир гуруҳ ходимлар, бир нечта тез тиббий ёрдам машиналари фестиваль ташкилотчилари, ташриф буюрган меҳмонлар ва юртдошларимизнинг саломатлигини назорат қилиш учун Хонобод шаҳрига – “Дунё садолари”фестивалига сафарбар этилган.

Шаҳарнинг Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи, шунингдек, фестиваль тадбирлари ўтказилаётган асосий майдонида ташкил этилган кўчма тиббий пунктларда саломатлиги юзасидан мурожаат қилган меҳмонларга биринчи ёрдам кўрсатилиб, зарур дори-дармонлар берилмоқда.
Фестиваль давомида бизнинг йўналишда жиддий кўнгилсиз ҳолатлар содир бўлгани йўқ. Умуман, биз тиббиётчилар асосий эътиборимизни фестивалнинг чиройли, кўнгилдагидек ўтишига қаратаяпмиз.

Жаҳонгир Мадраҳимов, Андижон вилоят ИИБ йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бошқармаси ходими, капитан:
–Фестиваль кунлари Хонобод шаҳрига автотранспорт воситаларининг келиши-кетиши одатдагидан кўра бир неча ўн баробар ортган. Йўлларда транспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигини, шунингдек, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур барча ишлар ташкил этилган. Ходимларимиз куну тун хизмат вазифасини сидқидилдан адо этмоқда.
Тадбирлар чиройли ўтмоқда, меҳмонларимиз хурсанд, йўлларда ортиқча тирбандликлар бўлаётгани, пиёдаларнинг ҳаракатига таҳдид солаётган ҳолатлар йўқ. Бирорта йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлмади. Насиб этса, фестивални чиройли ўтказамиз. Бунинг учун бор имкониятларимизни ишга солиб, астойдил хизмат қиламиз.

Азаматулло Мамасолиев, Андижон вилоят қўриқлаш бош бошқармаси ходими, кичик сержант:
–Меҳмонлар хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш бўйича ҳам зарур чоралар белгиланган. Фестивалга нафақат Андижон вилоятидан, балки қўшни Фарғона, Наманган ҳамда республикамизнинг бошқа вилоятларидан, шунингдек, Қирғизистон Республикасидан минглаб меҳмонлар ташриф буюрмоқда. Ходимларимиз хушмуомалалик билан аҳолига хизмат кўрсатмоқда, жамоат тартибини сақламоқда, зиммаларига юкланган вазифани бекаму кўст адо этмоқда.
Ишонч билан айта оламизки, юртимиз довруғини дунёга таратаётган фестиваль тартибли ва кўнгилдагидек ўтади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА