2-қисм
Киевнинг қатъий позицияси – иттифоқчиларга таяниш
Аляскага таклиф этилмаган Украина вазмин, аммо қатъий позиция эгаллаган. Расмий Киев учрашувдан сўнг шошилинч изоҳ беришдан тийилди ва ўз тамойилини эслатиш билан чекланди. Музокара арафасида Президент Владимир Зеленский саммит “адолатли тинчлик”ка йўл очиши кераклигини айтиб, Россия урушни тўхтатиш учун зарур қадамлар қўйиши лозимлигини таъкидлаганди:
– Урушни тугатиш вақти келди ва Россия зарур қадамларни қўйиши керак. Биз Америкага умид боғлаймиз.
Шу тариқа Украина иттифоқчилар, биринчи навбатда АҚШдан Москвага нисбатан қатъий позиция эгаллаш, таслим бўлиш эмас, балки адолатли шарт асосида тинчликка интилишни кутаётганини аниқ билдирди.
Анкорижда сулҳ бўйича келишилмагани Киевда кутилганидек қабул қилинди. Украина раҳбарияти ҳудудий ён бериш ёки можарони “музлатиш”га борилмаслигини бир неча бор таъкидлаган. Зеленский “босқинчи фойдасига бирор ҳудуддан расман воз кечиш вариантини очиқчасига рад этди ва Украина учун ишончли хавфсизлик кафолати талаб қилди. Учрашув куни Президент видео алоқа орқали сўзлаган нутқида яна бир бор Россия қўшинини тўлиқ олиб чиқиб кетишни талаб қилиб, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тиклашга чақирди.
Саммитнинг дастлабки натижаларидан сўнг Зеленскийдан тўғридан-тўғри баёнот эшитилмаган бўлса-да, унинг маслаҳатчилари ва ҳукумат вакиллари олдинга силжиш йўқлигидан кўнгиллари чоғ эмаслигини яширмади. Жумладан, украиналик амалдорлардан бири музокарани “муваффақиятсизлик” деб атади ва Путин аниқ мажбуриятсиз қутулиб кетганини таъкидлаб, фақат “эришилган ўзаро англаш” ҳақида мужмал фикр юритганини айтди. Президент идораси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк аввалроқ Украинасиз ўтказиладиган музокара барқарор тинчликка олиб келмаслигидан огоҳлантириб, “Украинасиз Украина тақдирини келишиб бўлмайди” деганди.
Киев, шунингдек, дипломатик ҳаракатлардан қатъи назар, курашни давом эттиришини маълум қилди. Зеленский айтишича, саммитдан олдин ва анжуман давомида Россия Украина ҳудудига зарба беришни давом эттирди.
– Агар Путин чиндан ҳам тинчлик истаганида, кун бўйи Украина шаҳарларини бомбардимон қилмаган бўларди, – деди Киев томони Москванинг сўзи ва иши ўртасидаги фарқни изоҳлаб.
Шундай қилиб, Украина Аляскадаги учрашув натижасини аввалги нуқтаи назари тасдиғи сифатида кўраётганини билдирди: “Тинчликка фақат Россия қўшини олиб чиқилгандан кейингина эришилади, ҳар қандай ярим чора эса босқинчига кейинги уруш учун нафас ростлаш имконини беради, холос”.
Москва ва ҳамкорлар: “Конструктивлик” ва тараққиётга урғу
Россия раҳбарияти кутилганидек саммит натижасини ижобий тарзда тақдим этди. Владимир Путин Трамп билан музокарани “конструктив ва фойдали” деб атаб, Украинадаги вазият эътибор марказида бўлганини алоҳида таъкидлади. Унинг айтишича, раҳбарлар “муайян ўзаро англашув”га келган.
– Умид қилишни хоҳлардимки, жараён Украина заминида тинчлик ўрнатилишини яқинлаштиради, деган РФ етакчиси.

Эртаси куни Москвада ўтказилган матбуот анжуманида сўзга чиққан Путин украинлар ва русларни доим биродар халқлар, деб билганини таъкидлаб, юз бераётган воқеаларни Россия учун “фожиа ва катта дард” деб атади. Шу билан бирга у Москванинг кўп йиллик нуқтаи назарини яна бир бор такрорлади: “Можаронинг асл сабаблари”ни бартараф этмасдан ва Россиянинг хавфсизлик манфаати, жумладан “Европадаги кучларнинг адолатли мувозанати”ни ҳисобга олмасдан барқарор тинчликка эришиб бўлмайди. Аслида, Путин НАТО кенгайишини тўхтатиш ва Украинанинг бетараф мақоми ҳақидаги талабидан воз кечмаслиги, тинчликни айни шарт қондирилиши билан боғлаётганини маълум қилди.
Путин Трампга муҳокаманинг, ўз таъбири билан айтганда, “очиқ ва ишончли” хусусияти учун миннатдорлик билдирди. Ҳозирги Америка маъмурияти зиддият моҳиятини тушуниб, можарони ҳал қилишда ёрдам беришга “астойдил интилаётгани, жумладан қарама-қаршиликнинг асосий сабабини ўрганишга тайёрлиги”ни ҳам кўриб турганини айтиб ўтди. Путин Трампни “ўз мақсадини аниқ кўра оладиган” ва шу билан бирга “Россиянинг қонуний манфаатига” ҳурмат кўрсатадиган етакчи сифатида таърифлади. Унинг баҳолашича, Аляскада эришилган келишувлар (гарчи, тафсилоти ошкор этилмаган бўлса-да) нафақат Украинадаги вазиятни тартибга солиш, балки Москва ва Вашингтон ўртасидаги прагматик, ўзаро манфаатли муносабатни тиклаш учун ҳам асос бўлиши мумкин.
Шуниси эътиборга лойиқки, Путин Киев ва Европага нисбатан огоҳлантирув хусусиятига эга сўзларни ишлатди. Хусусан, Украина томони ва Европа давлатлари мулоқот натижасига “конструктив ёндашиши ва тўсиқлар яратмаслиги”га умид билдирди: “Умид қиламизки, Киев ва Европа пойтахтлари буларнинг барини тегишли тарзда қабул қилади ва кўзланган тараққиётни иғволар ёки парда ортидаги фитналар билан издан чиқаришга уринмайди”.
РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам шу руҳда гапирди, учинчи томонларнинг мулоқотни “барбод қилиш”га қаратилган ҳар қандай уриниш масъулиятсизлик бўлишини билдирди. Бу шамаъ Россия давлат оммавий ахборот воситаларида ҳам акс этди.
ТАСС агентлиги хабар беришича, Оқ уй учрашувни “тарихий” деб таърифлаган. Трампнинг ўзи эса саммитдан кейинги интервьюсида воқеани “10 имкониятдан 10 балл” дея баҳолаб, Путин билан мулоқот жуда самарали кечганига урғу берган.
Хуллас, Москванинг расмий баёнотларида учрашув тинчлик йўлидаги муваффақиятли қадам сифатида тақдим этилмоқда. Кремль фикрича, “Энди тўп Украина ва Ғарб томонида – уларга “кўзланган тараққиёт”га халақит бермаслик” тавсия этилмоқда.
Абдуазиз Хидиров, ЎзА шарҳловчиси