Ватан учун, миллат учун, халқ учун!
Мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги олдидан босиб ўтган йўлимизга назар ташлар эканмиз, ҳар бир соҳа ва йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилгани, тенги йўқ натижа ва самараларга эришилганига гувоҳ бўламиз. Истиқлол манзаралари бугун ҳар бир жабҳада ўз аксини топмоқда.
Хусусан, санъат ва маданият соҳаси равнақи йўлида улкан ислоҳотлар, амалий чора-тадбирлар йўлга қўйилди. Ушбу йўналишни илмий жиҳатдан ўрганишга, тадқиқ этишга алоҳида эътибор қаратилди. Юртимизда бир қатор санъат ва маданият йўналишида халқаро фестиваллар ташкил этилмоқда. Миллий маданиятимизнинг ажралмас қисми бўлган мақом ва бахшичилик фестивалларини ўтказиш анъана тусини олди.
Ўтган давр мобайнида санъат ва маданият йўналишидаги таълим ислоҳотлари, мисли кўрилмаган янгиликлар хусусида композитор, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаева ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Ойдин Абдуллаеванинг қайд этишича, мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги йилларда республикамиз бўйича 400 дан ортиқ болалар мусиқа ва санъат мактаблари янгидан қурилди, эскилари реконструкция қилинди. Ўқув адабиётлари ва моддий-техник базаси мутлақ янгиланди. Фарзандларимиз санъат ва маданият йўналишида қўшимча таълимга жалб этилаётгани эътиборга молик.
— Санъат ва маданият йўналишидаги таълимнинг кўлами, қамрови ошди. Жумладан, ўтган даврда Ўзбекиситон давлат консерваториясининг Нукус филиали ташкил этилди. Шунингдек, Нукусда Ёш операчилар ва бахши ижрочилари мактаб-интернати ташкил этилди ва у ерда бекаму кўст шароитлар яратиб берилди. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона вилояти филиали барпо этилди. Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузурида Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти ташкил этилгани эътиборга молик.
Шунингдек, миллий рақс санъатимизни янада ривожлантириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон давлат хореография академияси ташкил этилди. Аввал хореография олий мактаби мавжуд эди. Эндиликда академия сифатида ташкил қилингани рақс санъатимизни илмий жиҳатдан янада кенг ўрганиш имкониятини юзага келтирди.
Эндиликда санъат ва маданият йўналишидаги таълимга бадиий таълим мақомини беришга тайёрмиз. Жаҳон тажрибасига қарайдиган бўлсак, кўплаб мамлакатларда санъат ва маданият таълимига бадиий таълим мақоми берилган. Агар бизда ҳам мазкур йўналишга қонунчилик даражасида бадиий таълим мақоми бериладиган бўлса, дунёнинг энг кучли таълим муассасалари стандартига кира олиш қобилиятига эга бўламиз, — дейди Ойдин Абдуллаева.
Батафсил: қуйидаги видеоҳаволада.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Hv7eWYApBvQ" title="San’at va madaniyat ta’limiga badiiy ta’lim maqomini berish vaqti keldi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова, Дониёр Якубов, Анвар Аҳмедов (видео), ЎзА