Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивали биринчи кунида қатор тадбирлар бўлиб ўтди.
Денгиз сатҳидан 850 метр баландликда жойлашган ўзининг гўзал ва сўлим табиати, ҳудудидаги минглаб манзарали дарахтлари, яшил майдонлари, ноёб гуллари билан кўпчиликни ўзига мафтун этадиган, Президентимиз ташаббуси билан Фарғона водийсининг туризм марказига айланаётган Хонобод шаҳри бугун қўшалоқ байрам шукуҳи билан яшамоқда.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида ўтаётган “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивали нафақат Хонобод аҳлига, балки шаҳар меҳмонларига, барча юртдошларимизга ҳақиқий байрам шукуҳини ҳадя этмоқда.
[gallery-24793]
Фестиваль доирасида Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида вилоятнинг туман ва шаҳарларидан келган жамоалар томонидан намойиш этилган ҳудудларга хос анъаналар ва миллий қадриятлар тараннум этилган бадиий дастурлар, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаларини юртимизнинг турли вилоятлари, қўшни Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа қатор давлатлардан ташриф буюрган меҳмонлар катта қизиқиш билан томоша қилмоқда.
–Мен фестивалда ўзим тайёрлаган миллий қўғирчоқлар, сувинер маҳсулотлар кўргазмалари билан иштирок этяпман, – дейди Ҳунарманд уюшмасининг Тошкент вилояти Пскент тумани бўлими раҳбари, ҳунарманд Дилноза Раҳмонқулова. – Элликдан ортиқ турдаги маҳсулотларим кўпчиликка манзур бўлмоқда, катта қизиқиш билан харид қилишмоқда. Умуман, мазкур фестиваль миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини намойиш этиш учун кенг майдонга айланди.
Маданият ва истироҳат боғининг асосий саҳнасида вилоятда фаолият олиб бораётган қўшиқчилар, санъат намоёндалари, ансамбллар томонидан намойиш этилган бадиий дастурлар юртимиздаги тинчлик, хотиржамлик, миллатлараро дўстликнинг ҳақиқий тараннумига айланди.
–Фестивални томоша қилиш учун келинларим, набираларим билан Жалолобод областининг Бозорқўрғон районидан келдик, – дейди қирғизистонлик меҳмон Манзурахон Эргашева. – Аввалги йиллари фестиваль ҳақида кўп эшитган эдик. Мана, бу йил келиб кўришлик насиб этди. Ташкил этилган кўргазмалар, санъаткорлар, дорбозларнинг чиқишлари, юқори кўтаринкиликдан ҳайратим чексиз. Айниқса, шаҳарнинг ободлигини айтмайсизми, очиғи обод юртингизга, гўзал байрамингизга жуда ҳавасим келди.
Фестивалнинг кечки тадбирлари, эстрада юлдузларининг чиқишлари Хонобод шаҳрининг Кампирровот маҳалласи ҳудудида барпо этилган улкан майдон ва ўзига хос тарзда безатилган саҳнада бўлиб ўтди.
Кечки томошаларни имкон қадар кўпроқ юртдошларимиз кўришини таъминлаш учун вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан махсус автобуслар ташкил этилди.
Минглаб меҳмонлар, эстрада санъати ихлосмандлари фестивалнинг биринчи кунида дастлаб Германиянинг машҳур “Arabesque” поп-гуруҳи ҳамда италиялик эстрада юлдузи Ингрид Альберинининг чиқишларларини катта қизиқиш билан томоша қилди.
Шундан сўнг замонавий либос ва модалар намойиши ўтказилди.
Жаҳон эстради юлдузларидан бири ҳиндистонлик Алиша Чинал(Аlisha Chinai) ўзининг гўзал қўшиқлари билан томошабинларга кўтаринки кайфият улашди. Шунингдек, юртимиз эстрадасининг таниқли вакилларидан бири Муниса Ризаеванинг чиқишлари ҳам барчага хушнудлик бағишлади.
Дунёга овоза бўлаётган “Дунё садолари” фестивали давом этмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Mh35knwvWxU?si=PKIydPvaS9K5urHt" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe> Ф. Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари