Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан Тошкент шаҳри бўйлаб оммавий ахборот воситалари иштирокида кўп қаватли уй-жойларнинг техник ҳолатини ўрганиш мақсадида рейд тадбирлари ўтказилди.
Бунда кўп қаватли уйларнинг умумий фойдаланишдаги ҳудудларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари, шунингдек, бинонинг таянч ва тўсиқ деворларига ўзбошимчалик билан шикаст етказиш каби қонунбузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсад қилинган.

Рейд тадбирлари давомида пойтахтимизда кўп қаватли уйнинг умумий фойдаланишдаги ҳудуди ноқонуний эгаллангани аниқланди. Хусусан, Олмазор туманида жойлашган кўп қаватли уйда қонунбузарлик ҳолати аниқланди.
Назорат тадбирлари жараёнида хонадон эгаси томонидан кўп қаватли уйнинг умумий фойдаланишдаги ҳудуди ўзбошимчалик билан эгалланиб, қўшимча қурилма қурилгани маълум бўлди. Мазкур ҳолат уйнинг сейсмик барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади, шу билан бирга, атрофдаги фуқаролар учун ноқулайлик келтириб чиқариши мумкин.

Аниқланган ҳолат бўйича Инспекция ходимлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ноқонуний қурилмани буздириш мақсадида судга даъво аризаси киритилган.
Назорат тадбирлари шуни кўрсатдики, айрим хонадон эгалари шахсий манфаатларини устувор қўйиб, умумий хавфсизлик талабларини қўпол равишда бузмоқда.
Жумладан, Чилонзор тумани 2-квартал 22-хонадон мулкдори томонидан кўп қаватли уйнинг юк кўтарувчи ва тўсиқ деворлари ноқонуний тарзда бузилган. Бу бино умумий мустаҳкамлигига ва қўшни хонадонлар хавфсизлигига бевосита таҳдид солади. Ҳолат бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159-моддаси асосида 50 баравар миқдорда жарима қўлланди.

Шунингдек, хонадонни аввалги ҳолатига қайтариш бўйича ёзма кўрсатма берилди. Кейинги манзил Юнусобод тумани 2-квартал бўлди. У ерда ҳуқуқбузар шахс кўп қаватли уйнинг остини қазиб, асосий юк кўтарувчи конструкцияларга зарар етказган. Бу нафақат бино конструктив барқарорлиги, балки унда яшовчи юзлаб инсонларнинг ҳаёти учун ҳам хавфли. Ҳолат бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб,белгиланган муддатда бартараф этиш бўйича ёзма кўрсатма берилди.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, аниқланган ҳар бир ҳолат уй-жой хавфсизлигини таъминлайдиган қоидаларга бўлган эътиборсизлик ва шахсий манфаатни жамоат хавфсизлигидан устун қўйишнинг очиқ мисолидир. Шундай экан, бундай ҳуқуқбузарликларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши, назорат тадбирлари Республика бўйича давом эттирилиши зарурлиги билдирилди.
Ш.Маматуропова, ЎзА