Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тўқимачилик соҳасида экспорт имкониятлари ва захираларни ишга солиш масалалари юзасидан ўтаётган видеоселектор йиғилишида таъкидланди.
Европа ва АҚШ бозорига тайёр кийим-кечак экспортини кенгайтириш, тармоқда стандартлаштириш ва рақамлаштириш ишларини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Техник тартибга солиш агентлигига халқаро сертификати бор корхоналарни 300 тага етказиш топширилди.
Ташқи ишлар вазирлигига айланмаси 1 миллиард доллардан катта брендлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича “йўл харита”сини ишлаб чиқиш ва сентябрь ойида Тошкентда бўладиган йирик кўргазмага ушбу компанияларни таклиф қилиш топшириғи берилди.
АҚШда йилига қарийб 100 миллиард долларлик текстиль бозори бор, муқобил қўллаб-қувватлаш чоралари орқали ушбу мамлакатга экспортни 5-6 карра ошириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддиларга Сент-Луис ва Нью-Йорк шаҳарларида 2 та савдо уйини очиш топширилди.
Корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёнларига сунъий интеллектни жорий қилиш орқали даромадни 20-30 фоизга ошириш, фаолиятни шаффофлаштириш ва яширин иқтисодиёт омилини камайтириш мумкин.
Бу борада тўқимачилик корхоналарига ERP тизимини жорий қилиш бўйича дастур ишлаб чиқилади. Корхоналарни ушбу тизимга ўргатиш харажатларининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади.
ЎзА