Қозоғистоннинг Остона шаҳри мезбонлик қилаётган Осиё паралимпия қўмитасининг (APC) XXXVIII Бош Ассамблеясида қитъанинг бешта минтақаси вакиллари ҳисобот тақдим этди.
Унда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси Бош котиби, APC’нинг Марказий Осиё бўйича вакили Фаррух Аҳмедов Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда паралимпия спорти ривожи ҳамда келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди.

Марказий Осиё мамлакатлари миллий қўмиталари вакиллари ўртасида ўзаро учрашув ўтказилиб, соҳани ривожлантиришдаги муаммолар, спорт турлари географиясини кенгайтириш имкониятлари ва истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Баҳрайн миллий паралимпия қўмитаси раҳбарияти билан учрашди.

Суҳбатда ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш масалалари кўриб чиқилди. Баҳрайн томони сўнгги йилларда юртимизда паралимпия спорти ривожи борасида амалга оширилган ишларга юқори баҳо берди. Маълумот учун, 2026 йилда Баҳрайн пара бадминтон ва пара пауэрлифтинг бўйича жаҳон чемпионатларига мезбонлик қилади.

14 август кунига қадар давом этадиган Ассамблеяда 45 мамлакат миллий қўмиталари вакиллари иштирок этиб, Осиё параспортининг яқин келажакдаги ривожига оид қарорлар муҳокама қилинади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА