Мамлакатимизда ёшларни жисмонан соғлом, кучли ирода ва юксак интеллектуал салоҳиятга эга инсонлар этиб тарбиялашнинг бош омили бўлган спортни ривожлантириш умуммиллий ҳаракатга айланмоқда. Бу жараёнда спортнинг қизларга хос турлари, айниқса, бадиий гимнастикани янада оммалаштириш, малакали мураббийларни тайёрлаш ва уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бадиий гимнастика бўйича ҳудудий федерациялар ва марказлар ташкил этилгани туфайли спортнинг ушбу нафис тури билан мунтазам шуғулланаётган қизлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Мамлакатимизда бадиий гимнастиканинг жадал оммалашаётгани қизларимизнинг жисмонан ва маънан соғлом вояга етишига хизмат қилиши билан бирга, улар орасидан халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчилар етишиб чиқишида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ана шундай ёшлардан бири Тахмина Икромова. У 5 ёшидан бошлаб мазкур спорт тури билан мунтазам шуғуллана бошлади. Туман, шаҳар ва республика миқёсидаги мусобақаларда иштирок этиб, тобланди. Тахмина Икромованинг сўнгги йиллардаги натижалари нафақат миллий спортимиз тараққиёти, балки ёш авлод учун ҳам илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Т.Икромованинг халқаро мусобақалардаги медаллари бунга ёрқин мисолдир. У спортчи сифатида бугунга қадар турли йилларда ўтган – Осиё ўйинларида 2 та олтин, Осиё чемпионатларида 18 та олтин, 6 та кумуш, 1 та бронза, жаҳон кубокларида 8 та олтин, 9 та кумуш, 11 та бронза, Ислом бирдамлик ўйинларида эса 1 та олтин, 4 та кумуш медалларини қўлга киритган. Шунингдек, у ўтган йили Францияда ўтган “Париж-2024” Олимпия ўйинларида иштирок этди.
Жорий йилнинг 16-27 июль кунлари Германия мезбонлигида ўтган XXXII Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларида Тахмина Икромова спортчиларимиз орасида йўлчи юлдуз каби порлади. У ҳалқада ва тасмада машқ бажаришда олтин, булава ҳамда кўпкураш баҳсларида кумуш, жами 4 та медалга эга чиқди. Унинг ушбу медаллари натижасида бадиий гимнастика бўйича умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон термаси иккинчи поғонадан жой олди.

Ушбу медаллар сонини сарҳисоб қиладиган бўлсак, гимнастикачимиз умумий ҳисобда нуфузли мусобақаларда 31 та олтин, 21 та кумуш ва 12 та бронза медалига эга бўлган. Тахмина Икромованинг халқаро майдондаги ҳар бир медали мамлакатимиз ғурури ва спорт салоҳияти намойиши демакдир.
– Ўзбекистон спорт гимнастикаси мактабидаги анъаналар ва давлат томонидан яратилган шароитлар бундай ютуқларни таъминловчи асосий омиллардан, – дейди Тахмина Икромова. – Хусусан, замонавий спорт инфратузилмаси, малакали мураббийлар, халқаро тажриба алмашиш имкониятлари ва спортчиларнинг моддий-маънавий қўллаб-қувватланиши биз спортчиларга қўшимча куч бағишламоқда.
Бадиий гимнастика жисмоний тарбия, мусиқа ва хореография каби қизлар тарбияси учун муҳим жиҳатларни мужассам этган спорт тури. Гимнастика машқлари қизлар организмининг таянч-ҳаракат тизимини, тананинг ҳамма қисмлари пропорционал ривожланишини таъминлайди. Бадиий гимнастиканинг мусиқа билан ҳамоҳанглиги эса инсоннинг маънавий дунёсини бойитади.
Бугунги кунда халқаро майдонда дунёнинг энг кучли спортчилари қаторида тан олинаётган Тахмина Икромова бугун гимнастика билан шуғулланаётган ёш авлод вакилларига ўрнак бўлмоқда. Умид қиламизки, ҳозирда мазкур спорт турининг илк сабоқларини ўрганаётган бадиий гимнастикачиларимиз келгусида Тахминадек улкан марраларни забт этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА