Талон-торож қилганлик, ички ишлар органлари ходимининг ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг қонуний талабларини бажармаганлик учун жазо чораларини кучайтириш зарурати юзага келгани сабабли “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Мазкур қонуннинг муҳим жиҳатлари ҳақида Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов қуйидагиларни гапириб берди:
– Айтиб ўтиш керакки, кейинги вақтда ҳуқуқбузарлар томонидан жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш борасида хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ва миллий гвардия бўлинмалари ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик ҳолатлари ортиб бормоқда.
Хусусан, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик билан боғлиқ 2021 йилда 56 минг 474, 2022 йилда 88 минг 401, 2023 йилда 88 минг 988, 2024 йилда 85 минг 278 маъмурий ҳуқуқбузарлик қайд этилган.
Шу боис, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимининг қонуний талабларини бажармагани учун базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг беш бараваридан ўн икки бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланди. Шу пайтгача бу миқдор БҲМнинг бир бараварини ташкил этган.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган тақдирда, БҲМнинг ўн икки бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлишини белгиловчи ўзгартиришлар киритилди. Бу миқдор БҲМнинг ўн беш бараварини ташкил этган.
Яна бир ҳолат борки, аҳолига кўмир етказиб беришда талон-торож қилиш ҳолатлари мавжуд. Жумладан, 2023 йилда 142 ҳолатда 262 тонна, 2024 йилда 154 ҳолатда 279 тонна кўмир талон-торож қилинган.
Шу сабабли, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддасига алоҳида тўртинчи қисм сифатида мулкчилик шаклидан қатъий назар ташкилотларнинг кўмир ёқилғисини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан оз миқдорда талон-торож қилганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, талон-торож қилинган мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан ошмаса, бундай талон-торож оз миқдордаги талон-торож қилиш, деб ҳисобланади.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати – истеъмолчилар манфаатини ҳимоялашга қаратилган.
Маълумки, юридик шахслар ўртасидаги шартномаларда қонунчиликка мувофиқ томонлар ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўлиқ акс этади. Лекин жисмоний шахс бўлган истеъмолчиларга товарларни келишилган муддатларда етказиб бермаганлик учун эса қонунларда ҳеч қандай жавобгарлик мавжуд эмас.
2024 йилда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига истеъмолчилардан келиб тушган 30 минг 70 мурожаатнинг 4 минг 213 тасида сотувчилар томонидан товарлар (автомобиль, маиший техника, тайёр овқат, мебель ва бошқалар)ни келишилган муддатларда етказиб берилмаганидан норозилик акс этган.
Биргина автомобиль олди-сотдиси бўйича шартномада кўрсатилган муддатга риоя этилиши тизимли равишда ўрганилганда, 5 минг 332 ҳолатда сотувчилар томонидан автомобилларни етказиб бериш муддати бузилиши аниқланган.
Бунга “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда олди-сотди шартномаси бўйича мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаслик учун сотувчиларга ҳеч қандай жавобгарлик мавжуд эмаслиги сабаб бўлган.
Шу боис, қонун билан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун янги 121-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, олди-сотди шартномасига мувофиқ сотувчи шартномада белгиланган муддатда товарни истеъмолчига етказиб бермаган тақдирда сотувчи кечиктирилган ҳар бир вақт бирлиги (шартномада кўрсатилган дақиқа, соат, кун) учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи миқдорида истеъмолчига пеня тўлаши, бироқ, бунда пенянинг умумий суммаси топширилмаган товар баҳосидан ошиб кетмаслиги кераклиги аниқ белгиланди.
Яна бир ҳолат борки, ош тузини ишлаб чиқарувчи корхоналарда олиб борилган ўрганишларда ош тузини йодлаш жараёни талабларга жавоб бермайди. Ош тузини сақлаш, ташиш ва сотишда белгиланган талабларнинг бузилиши кузатилмоқда.
Шу сабабли, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан аҳоли истеъмоли учун зарур бўлган сифатли ва хавфсиз, йодланган ош тузи ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва сотишнинг назорати (амалда назорат ваколати йўқ, фақат мониторинг олиб борилади) олиб борилиши талаб этилмоқда. Шу муносабат билан қонун билан “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Эндиликда ош тузини ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлашга, йодланган тузни ишлаб чиқаришга, ташишга, сақлашга ва реализация қилишга қўйиладиган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари белгиланади. Йодланган тузнинг ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, ишлаб чиқарилиши, сақланиши, олиб кирилиши ҳамда реализация қилиниши устидан қонунчиликка мувофиқ назоратни амалга ошириш Соғлиқни сақлаш вазирлигининг йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги ваколатига киритилди.
Қайд этиш лозимки, аҳоли ўртасида йод етишмаслиги касалликлари ортиб бориши билан боғлиқ масала 2024 йилда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари ҳамда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмиталари томонидан батафсил ўрганилди. Натижаси қўмиталарнинг қўшма мажлисида муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинган. Қонун ана шу ўрганишларнинг ижобий натижаси бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, қонун жамоат тартибини сақлаш, халқимиз хавфсизлигини таъминлаш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш билан бирга аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Ушбу қонун расмий эълон қилинган кун – 2025 йил 1 августдан эътиборан кучга кирди. Фақат қонуннинг 2-моддаси (олди-сотди шартномасига оид қисми) қонун кучга кирган кундан эътиборан уч ой ўтгач, 3-моддаси (ош тузини ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлашга оид қисми) эса олти ой ўтгач амалга киритилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА