Парламент қуйи палатасининг мажлисида суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантириш орқали суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда суғурта муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишга қаратилган.
Лойиҳа билан суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари фаолиятида хабардор қилиш тартиб-таомилларини қўллаш белгиланмоқда. Шунингдек, суғурта агенти фаолиятини тартибга солишнинг янги механизмини ишлаб чиқиш, суғурталовчи лицензиясини ихтиёрий равишда бекор қилиш тартибини ваколатли давлат органи томонидан белгилаш, суғурталовчилар ва суғурта брокерларининг мансабдор шахслари учун белгиланган малака талаблари ва уларнинг аниқлаш тартибини такомиллаштириш таклиф этилмоқда.
Лойиҳада мажбурий суғуртага оид қонун ҳужжатларида суғурта муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этиш ҳамда соҳани рақамлаштиришга оид меъёрлар ҳам акс эттирилган.
Шунингдек, транспорт воситасидан фойдаланишда мажбурий суғурта қилиш, йўл транспорт ҳодисаси рўй берганда, томонлар келишувига кўра суғурта тўловини айбдор томоннинг суғурталовчисидан олиш масалалари тартибга солинмоқда.
Шу билан бирга, суғурта хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида суғурталовчи томонидан истеъмолчига тақдим этилиши шарт бўлган маълумотлар рўйхати лойиҳада акс эттирилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлашда ва суғурта соҳасининг ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Суғурта бозорида шаффофликни таъминлайди.
Шунингдек, мажлисда электрон тижорат соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Ушбу қонун лойиҳаси билан «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунда электрон тижорат соҳасидаги электрон савдо платформаси оператори, буюртмалар агрегатори ва рақамли стриминг хизмати операторлари фаолият турлари белгилаб қўйилмоқда.
Шунингдек, электрон тижорат операторлари фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида ваколатли давлат органини хабардор қилиш тартибини жорий этиш, мазкур фаолият турларини бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида хабардор қилмаганлик учун жавобгарликни белгиловчи қўшимчалар киритиляпти.
Қайд этилганидек, бугунги кунда 80 дан ортиқ электрон тижорат операторлари фаолият юритиб келмоқда. 15 мингдан ортиқ тадбиркорлар электрон савдо платформаларида товар, иш, ва хизматларни реализация қилмоқда. Аммо уларнинг фаолияти устидан назорат механизмлари ўрнатилмаган бўлиб, бу улар реализация қилаётган товар ва хизматлар бўйича истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва солиқ солиш мақсадида электрон тижорат субъектларининг аниқ ҳисобини юритиш имконини бермаяпти.
[gallery-24726]
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши электрон тижорат соҳасида фаолият юритаётган электрон тижорат операторлари фаолиятида аниқлик ва шаффофликни ҳамда рақобат муҳитини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Ваколатли орган ва электрон тижорат операторлари ўртасида тезкор алоқа каналини яратади, шикоятларни кўриб чиқиш имконини беради.
Муҳокамаларда қонун лойиҳасининг муҳимлиги қайд этилиб, иккинчи ўқишда ҳам қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА